Янгиликлар - 16:43 · 02.10.2021

Танзила Норбоева ЕХҲТ раиси билан видеомулоқот шаклида учрашув ўтказди

Сенат раиси Танзила Норбоева 1 октябрь куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде билан видеоконференция форматидаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Юқори палата ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасида конструктив ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон–Швеция ҳамкорлигини янада кенгайтириш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.

Анн Линде Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, шунингдек, Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасида жадал ривожланаётган муносабатларни юксак баҳолаган ҳамда қўллаб-қувватлаган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбариятининг халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги очиқ ва пухта ўйланган сиёсати туфайли икки томонлама муносабатларда катта ютуққа эришилгани таъкидланган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Бўлажак президентлик сайловида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлиқ таркибли миссияси ва юқори даражадаги ЕХҲТ ПА делегациясининг иштирок этиши, ташкилот сайловга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат экани мамнуният билан қайд этилган. Швеция парламенти сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишга ҳам қизиқиш билдирган.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари, Швеция етакчи компанияларининг мамлакатимизга инновациялар ва инвестицияларни жалб қилиши, савдо алоқаларини кенгайтириш ва парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Гендер тенглик масалаларини илгари суриш, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳамда бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги самарали алоқаларни давом эттиришдан манфаатдорлик билдирилган.

Аввалроқ Танзила Норбоева Қирғизистон президенти билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.