Европа космик агентлиги ва Япония аэрокосмик тадқиқот агентлигининг Меркурий сайёрасига юборган космик аппарати сайёра юзасининг биринчи тасвирини юборди. Бу ҳақда агентлик сайтида хабар берилди.

Фото: «Pixabay»

Маълум қилинишича, «BepiColombo» космик аппарати 2018 йилда Европа–Япония қўшма миссияси доирасида ишга туширилган. У олимларга Меркурий тузилишини ўрганиш, магнит майдонини ўлчаш ва бошқа тадқиқотларда ёрдам бериши керак. Космик аппаратнинг 1 октябрь куни тахминан 2418 километр масофадан олган суратида Меркурий сайёрасининг кратерлардан иборат қояли юзаси акс этган.

Фото: «ESA»

Таъкидланишича, оқ-қора тасвирда Сиху текислиги, Калвино ва диаметри 160 метр бўлган Лемонтов кратерлари жойлашган сайёранинг шимолий ярим шарининг бир қисмини кўриш мумкин. Агентлик мутахассислари яқин келажакда Меркурий ҳақида кўпроқ маълумот олишни кутмоқда. «BepiColombo»нинг Меркурий устидан навбатдаги парвози 2022 йил 23 июнда бўлиши режалаштирилган.

Фото: «ESA»

Аввалроқ Ойнинг юқори аниқликдаги сурати намойиш этилганди. Шунингдек, Ойдаги энг машҳур кратер Ердан янги технология ёрдамида суратга олинганди.