Янгиликлар - 11:32 · 04.10.2021

Давлат раҳбарлари ва сиёсатчиларнинг махфий бойликлари фош этилган ҳужжат эълон қилинди

Бир нечта дунё раҳбари, сиёсатчи ва миллиардерларнинг махфий бойлик ҳамда молиявий ҳужжатлари фош этилган «Пандора ҳужжатлари» эълон қилинди. Бу ҳақда Халқаро журналистлар консорциуми веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «The Guardian»

Маълум қилинишича, «Пандора ҳужжатлари» деб номланган офшор компаниялар ҳақидаги маълумотларда 35 га яқин амалдаги ва собиқ раҳбар, шунингдек, 300 дан ортиқ ҳукумат амалдорлари борасидаги маълумотлар келтирилган бўлиб, Халқаро журналистлар консорциумининг билдиришича, ушбу ҳужжат журналистика тарихидаги энг катта суриштирув натижаси ҳисобланади.

Ҳужжатга кўра, Иордания қироли Абдуллоҳ II Буюк Британия ва АҚШда баҳоси 70 миллион фунт стерлингни (тахминан 100 миллион доллардан ошиқ) ташкил этувчи мулк йиғган. Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр ва унинг рафиқаси Чери эса 8,8 миллион долларлик кўчмас мулкка эга ва ҳозирда у ерда Чери Блейр юридик фирмаси жойлашган. Ушбу бино Баҳрайн саноат ва туризм вазири Зайид бин Рашид оиласига тегишли офшор компаниядан харид қилинган бўлиб, харид оилани 400 минг долларлик мол-мулк солиғи тўлашдан «қутқариб» қолган.

Ҳужжатда Россия президенти Владимир Путин Монакодаги махфий активлар билан боғлангани, Чехия бош вазири Андрей Бабиш эса Франция жанубида 12 миллион фунт стерлинглик иккита вилла сотиб олгани айтилган.

Қайд этилишича, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, унинг оиласи ва энг яқин шериклари Буюк Британияда 400 миллион фунт стерлингдан ошиқ миқдордаги кўчмас мулк битимларида яширинча иштирок этган. Покистон бош вазири Имрон Хон ва яқинлари, мамлакат вазирлар маҳкамаси ҳамда уларнинг оила аъзолари эса миллионлаб долларлик офшор компанияларга эга бўлиб чиққан.

Панама ҳужжатлари бўйича Покистонда 2016 йил апрелда тергов бўлганда Имрон Хон жуда хурсанд бўлган. Чунки Панама ҳужжатларида ўша вақтдаги Покистон бош вазири Навоз Шарифнинг фарзандлари офшор компаниялар билан алоқада бўлгани очиқланган. Ўз навбатида, бу Имрон Хонга сиёсий рақибини «коррупционерлар коалицияси» раҳбари сифатида айблашга имкон берган. Покистон Олий суди Новоз Шарифни Панама ҳужжатлари сабаб бўлган тергов натижасида лавозимидан четлатган. Имрон Хон эса кейинги миллий сайловда унинг ўрнини эгаллаган.

«Пандора ҳужжатлари»га кўра, ҳозирда Имрон Хонга яқин одамлар офшор ҳолдинглар ташкил қилган бўлиб, улар орасида молия вазири ва молиявий масалалардаги ёрдамчиси ҳам бўлиши мумкин.

Маълум қилинишича, 2019 йилги сайловлардан олдин Зеленский офшор компаниялардаги улушини ҳозирда биринчи ёрдамчиси бўлган Сергей Шефирга ўтказган. Бироқ журналистларнинг таъкидлашича, Зеленскийнинг рафиқаси ҳали ҳам ушбу офшор компаниялардан даромад олади. Бундан ташқари, Владимир Зеленский миллиардер олигарх Коломойскийга боғлиқ тузилмалардан 40 миллион доллар миқдоридаги ўтказмаларга алоқадор бўлиши мумкин.

Аввалроқ Исроил ТИВ Эрон президентини дунё раҳбарларини чалғитишда айблаганди.

Bugun — LIVE