12:25 | 04.10.21 51

Ўзбекистонда яна бир ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар берганларга пул берилади

Президент бу бўйича қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёевнинг назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Нигоҳ» каналида маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекини рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан кайтарилади.

Автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари бундан мустасно.

Таъикдланишича, сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатни бермасдан, савдо қилгани ва маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилгани тўғрисида солиқ органларига хабар берган жисмоний шахсларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади. Тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналарига мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ер соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар моддий рағбатлантирилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳудудларни комплекс ривожлантиришда энг яхши секторлар рағбатлантирилиши маълум қилинган.