Афғонистон электр энергияси бўйича қўшни давлатлардан қанча қарздор экани маълум қилинди
Мамлакат энергетика корпорацияси бу бўйича маълумот берди
Афғонистоннинг электр энергияси бўйича қўшни давлатлардан қанча қарзи борлиги очиқланди. Бу ҳақда «Tolo News» хабар берди.

Афғонистоннинг «DABS» энергетика корпорацияси баёнотига кўра, мамлакатнинг электр энергияси бўйича қўшни давлатлардан қарзи қарийб 62 миллион долларни ташкил этади.
«Tolo News»нинг хабар беришича, корпорация электр энергиясини экспорт қилувчи қўшни давлатлар — Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга қарзини тўлашни ваъда қилиб, электр энергиясини ўчирмасликни сўраган.
Айтилишича, «DABS» қарзни тўлашга ёрдам бериш учун БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссиясига ҳам мурожаат қилган. Агар БМТ ёрдам бера олмаса, компания электр энергия пулини тўламаган афғонларга босим ўтказишга мажбур бўлади.
Аввалроқ Марказий Осиё Кобулни электрсиз қолдириши мумкинлиги хабар берилганди. Шунингдек, «Толибон» қайси мамлакатдан молиявий ёрдам олмоқчилиги айтилган.