Сайёрада биз билан ёнма-ён яшайдиган наботот ва ҳайвонот олами вакиллари орасида инсон ўз онги ва тафаккури ила устунлик қила бошлаган замонлардан бери биз одамлар уларга, яъни ўсимлик ва ҳайвонот оламининг яшаш муҳитига таҳдид қилиб келамиз.

Фото: «Bugun.uz»

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ерларни ўзлаштириш, қазилма конлари сабабли тоғ ва чўл ҳудудларини эгаллаш, денгиз ва океанлар ҳавзаларини ўзлаштириш, ёғоч ва қоғоз саноати учун ўрмонларни кесиш, ботқоқларни қуритиш, завод ва фабрикаларни қуриш, қишлоқ ва шаҳарларнинг кенгайиши ва ҳоказо мақсад-муддаоларимиз сабабли аслида ёввойи табиат вакилларининг ошёни бўлган ҳудудларни эгаллаб олиниши оқибатида флора ва фаунага етказилган зарар кўламини ҳозир тасаввур қилиш ҳам қийин. Ачинарли факт шуки, ҳозирда табиатда инсон қадами етиб бормаган ҳудудлар деярли қолмаяпти. Демакки, инсон фаолияти сабабли яшаш муҳитидан мосуво бўлган ўсимлик ва жониворлар ҳам борган сари ортиб боряпти.

Фото: «Bugun.uz»

Одамзод сайёрадаги энг фаол ва ягона онгли мавжудот сифатида бошқа тирик организмларнинг ҳам яшаш муҳити учун масъулиятни ҳис этмоғи лозим. Бир нарса аниқки, ўша ёввойи табиат бизнинг ҳаётимизда жуда муҳим ўрин тутадиган биосфера занжирининг асосий ва ажралмас қисмидир. Унга зарар етказиш билан аслида инсоният ўз-ўзига зарар етказаётган бўлади. Чунки одамзод қанчалик ривожланган ижтимоий-техник муҳитда яшамасин, барибир сайёрадаги тириклик занжирининг, биологик турларнинг бир қисми бўлиб қолаверади.

Афсуски, одам фаолияти таъсирида популяцияси камайиб кетган ёки бутунлай йўқликка юз тутган ўсимлик ва ҳайвонот турларини ўз пайтида ташкил қилинмаган ёки кечикиб ташкил қилинган муҳофаза чораларининг қурбони дейиш мумкин. Бунга қизил ва қора китоблар тайёр гувоҳдир. Аксар шундай ачинарли оқибатлар эса, асосан, ушбу жонивор ва ўсимликларнинг яшаш муҳитига қилинган аёвсиз тажовуз туфайли содир бўлган. Шу сабабли ҳам ҳали жуда кеч бўлмасидан аввал сайёрадаги флора ва фаунанинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш чораларини кўриш масаласи олимлар қаршисида кўндаланг бўлган эди.

Фото: «Bugun.uz»

Мазкур масала юзасидан халқаро миқёсдаги дастлабки амалий қадамлар 1950 йилларда қўйила бошлаган. Даставвал йўқолиб бораётган турларни асраш масаласига ҳукумат ва жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида «Қизил китоб» ташкил қилиш бўйича амалий ишлар бошланган. 1966 йилда чоп этилган илк халқаро «Қизил китоб»да 200 турдаги қуш, 100 турдаги ҳайвонлар ҳамда 25 минг ўсимлик тури киритилган.

Кейинчалик бундай камайиб бораётган жониворларни асраш борасида уларнинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш масаласи ҳам бирламчи эканини инобатга олган ҳолда 1979 йилда Ер флора ва фаунасининг яшаш муҳитини муҳофаза қилишга оид алоҳида халқаро ҳужжат — Берн конвенцияси қабул қилинган. Шу йилдан бошлаб мазкур конвенция қабул қилинган сана — 6 октябрь Халқаро яшаш муҳитларини муҳофаза қилиш куни сифатида байрам куни деб эътироф этилган.

Унинг мақсади жамият ва ҳукуматлар эътиборини биологик хилма-хилликни асраш масаласига қаратиш, сайёрадаги биологик мувозанатнинг нечоғлик муҳим экани ва бунда ёввойи табиат вакилларининг яшаш муҳитларини муҳофаза қилиш бирламчи масала эканлигини одамларга тушунтириш бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Ушбу масалаларга беписанд қараш, хусусан, ўрмонларнинг аёвсиз кесилиши, океан сувларининг ифлослантирилиши, тўқай ва чангалзорларнинг йўқ қилиниши туфайли тиклаб бўлмас экологик кулфатлар, ҳаттоки турларнинг бутунлай қирилиб кетиши сингари фожиалар юз бериши мумкинлигини жамиятдаги ҳар бир шахс онгига етиб боришини таъминлаш ушбу байрам санасининг энг катта мақсади ҳисобланади.

Мазкур сана муносабати билан биз, «Bugun.uz» жамоаси, аввало, экологик фаол фуқароларни ва соҳа мутахассисларини табриклаймиз. Қолаверса, барча-барчани табиатни асрашга, ўсимлик ва жониворларга зарар етказмасликка чорлаб қоламиз.