Ўзбекистонда ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши хабар қилинганди. Адлия вазирлининг Telegram’даги каналида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун Президент томонидан имзолангани маълум қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Бундай ҳаракатлар:

  • базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан (13,5 миллион сўм) 100 бараваригача (27 миллион) жарима;
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 1 йилгача);
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (илгари 1 йилгача).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳокимият вакилининг, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, жарима миқдори оширилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани хабар қилинган. Шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилиши маълум қилинган.