Таълим инсонлар фаровон ҳаёт кечиришининг ягона кафолатидир. Шу боисдан ҳам бутун дунёда, хусусан, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг кўпчилик қисми таълим тизими билан туташади. Шу ўринда мактабгача таълим тизимининг ўрни ҳам беқиёс. «Bugun.uz» рукннинг мазкур сонида соҳадаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда бир неча йиллар олдин мактабгача таълим тизими учун алоҳида тузилма мавжуд эмас эди. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк йиллариданоқ мазкур масалага жиддий эътибор қаратди. 2017 йил 9 сентябрда «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди ва шу йил 30 сентябрда «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Илгари Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасаси ёшидаги болаларнинг атиги 30 фоизи қамраб олингани, боғчалар моддий-техник базасининг эскиргани ва мавжуд эмаслиги, мавжуд ҳолатда ушбу ва шу каби муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилиш муаммоли эканини ҳисобга олиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

2018 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори тизимдаги ижобий ўзгаришлар миқдорини орттирди. Бундан ташқари, 2018 йил 25 июлда Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори хусусий ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш истагида бўлганлар учун муносиб рағбат бўлди, дейиш мумкин.

Президент 2018 йил 28 февраль куни «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Ҳужжатга кўра, мудир, тарбиячи, методист, ўқитувчи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари 30 фоизга табақалаштириб ошириладиган бўлди.

Фото: «Bugun.uz»

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида; Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида; Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилди. Бу жараён мактабгача таълим тизимида ишловчиларни муносиб рағбатлантиришга асос бўлди ва шу билан бир пайтнинг ўзида аҳолига ижтимоий кўмак берилди.

2019 йил 12 декабрда «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унда мамлакатдаги мактабгача таълим тизими билан боғлиқ барча жиҳатлар тартибга солиб қўйилди.

2020 йил 22 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва 2020 йил 9 мартда «Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

2021 йил 12 апрелда Президент «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Юқорида номи тилга олинган ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси тизим такомиллашувида ўз ролига эга бўлиб, мазкур ҳаракатлар натижаси ўлароқ 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳолатига кўра, мактабгача ёшдаги аҳолининг 62,4 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди.

Фото: «Bugun.uz»

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли навбат асосида қабул қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги қарори асосида «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхатига киритилди.

Соҳада келгусидаги режалар ҳам аниқ. 2021–2022 йилларда мамлакатнинг 53 та туманида 2 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, бунинг ҳисобига 50 минг нафар тарбияланувчи учун янги ўринлар яратилиши, умумий қуввати 11,2 минг ўриндан зиёд бўлган 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиши ва қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиши режалаштирилган.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида республикада 1062 та мактабгача таълим ташкилоти (61 та давлат, 7 та та хусусий, 968 та оилавий ва ДХШ асосидаги 26 та нодавлат МТТ) фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 1,5 фоизга ошди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 19 316 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 6258 таси давлат ва 13 058 таси нодавлат мактабгача таълим муассасаларидир.

Бундан ташқари, боланинг илк ривожланишига хизмат қиладиган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш мақсадида БМТнинг халқаро болалар фонди UNICEF ташкилоти билан ҳамкорликда Хоразм вилоятининг Боғот ва Қўшкўпир туманларида мактабгача таълимнинг «турли хил ёшдаги мактабгача таълим гуруҳлари» (ўйин гуруҳлари) фаолияти йўлга қўйилишига эришилди. Мазкур гуруҳлар учун тайёрланган ҳар бир хона кун давомида 2 та гуруҳга хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, уларда жами 176 нафар 3–7 ёшли бола қамраб олинган.

Фото: «Bugun.uz»

«Ақлвой» лойиҳаси республикадаги мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ҳамда қамров кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларда 4,7 мингдан ортиқ болаларни қамраб олишга мўлжалланган.

49 та «Isuzu» автобуси қайта жиҳозланиб, белгиланган манзилларга етказилди. Мазкур автобуслар негизида 294 та гуруҳ шакллантириш ҳамда республика бўйича 98 та МФЙ ҳудудларида улар учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан болалар майдончаларини қуриш ва жиҳозлаш ишлари якунига етказилди.

Мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, педагогик коллежлар, шунингдек, бошқа мос биноларда 2021–2022 ўқув йилидан бошлаб мажбурий бир йиллик бепул мактабга тайёрлов гуруҳлари фаолиятини бошлаш учун хоналарнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.

Шу билан бирга, 2021 йилнинг 1 июнь куни Тошкент шаҳрининг Марказий боғида «Ақлвой» телеканали ҳамда «Ақлвой ошпаз» китобининг тақдимоти ўтказилди. Болалар учун мўлжалланган мазкур таомлар рецептлари китоби мактабгача ёшдаги болалар учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, ундан 250 дан ортиқ таомнинг тайёрланиш рецепти жой олган.

Бугунги кунда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан хорижий мамлакатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ҳамкорлик фаол ривожлантирилмоқда. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 2021 йилда 49,2 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган.