Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг вилоятдаги мухбири хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, ёнғин 5 октябрь куни кеч соат 21:00 атрофида Фарғона шаҳар Маърифат МФЙда жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган. Маълумотларга кўра, ёнғин хонадондаги ошхонада уй эгаларининг эҳтиётсизлиги ортидан келиб чиққан. Оқибатда ошхонанинг 8 квадрат метр майдони ёниб кетган. 

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг «Bugun.uz» мухбирига хабар беришича, воқеа жойига 2 та ёнғин қутқарув экипажи етиб борган ва ёнғин қисқа фурсатда ўчирилган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Фарғонадаги кўп қаватли уйлардан бирида ёнғин содир бўлганди. Шунингдек, Самарқанддаги боғчада ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилган.