Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг ҳайдовчиликка тайёрлаш курсларида ўқиш харажатлари компенсация қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram‘даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, бу ўзгариш «Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорида (617-сон, 2021 йил 4 октябрь) назарда тутилган. Қарор билан «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйларида тарбияланган ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлашга доир 2 та вақтинчалик тартиблар тасдиқланган.

Улар ёшларга автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ўқиш харажатларини компенсация қилиш ҳамда уларни сафарбарлик чақирувчи резервидаги хизматни ўташ бадалини қоплаш бўйича экани айтилган. Дастлабки тартиб бўйича бундай ёшларнинг ҳайдовчиликка тайёрлаш курсларида ўқиш харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача компенсация берилиши айтилган.

Шунингдек, хусусий ташкилотларга ишга қабул қилинган, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни касбга қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатларини компенсация қилиш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланган. Унда мазкур харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилиниши назарда тутилган. Бундан ташқари, қарор билан «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг бир қисмини ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш тартиби белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда кам таъминланган оила фарзандларининг ўқиш маблағи тўлаб берилиши айтилганди. Шунингдек, ёш ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши хабар қилинган.