Янгиликлар - 10:13 · 06.10.2021

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилади

Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни «Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Унга кўра, 2021 йилда юрак нуқсонларини даволашга мўлжалланган 500 та тиббий буюм (окклюдер) харид қилиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига 10 миллиард сўм, 2022 йилдан эса ҳар йили ўртача 2500 та окклюдер харид қилиш учун маблағ ажратилади. Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази филиаллари 42,5 миллиард сўмлик замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

Қайд этилишича, 2022–2023 йилларда инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиёти кўлами кенгайтирилади. Туман ва шаҳарларда амалиёт тури 60 тадан 79 тага, ҳудудларда эса 130 тадан 168 тага етказилади. Хирургия марказида юрак ва ўпка трансплантацияси жорий этилади. 2022 йил якунигача барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилади.

Таъкидланишича, Хирургия марказида инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси илмий лабораторияси ва 2021/2022 ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академиясининг Хирургия ва трансплантология кафедраси ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2022/2023 ўқув йилида соғлиқни сақлаш соҳаси учун 50 нафар менежер мутахассисни магистрлик йўналиши бўйича давлат гранти асосида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер ва бошқа ОТМларда тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар қопланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда жигар ва юрак трансплантацияси йўлга қўйилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда никоҳдан олдинги тиббий кўрик жараёнлари рақамлаштирилиши ва Ўзбекистонда тиббий хизматлар учун электрон платформа яратилиши маълум қилинган.