Ўзбек миллати тарихидаги энг ҳасратли саналардан бири — 4 октябрь. Миллат ойдинлари, маърифатпарварлари отиб ташланди, яна «халқ душмани» айблови билан. Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Пўлат Солиев, Ғози Олим Юнусов, Абдулҳай Тожиев, Акбар Исломов, Анқабой Худойбахтов, Санжар Сиддиқ, Қурбон Берегин, Аъзам Айюб, Отажон Ҳошимов каби миллатпарварлардан 155 нафари 5 октябрь куни — отилганидан бир кун ўтиб «судланди» ва отувга ҳукм қилинди. «Bugun.uz» қатағон қурбонига айланган 5 нафар буюк маърифатпарварнинг аянчли қисмати ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: «Buxorisharif.uz» 

Большевиклар ҳокимиятни қўлга олгач, жамият аъзоларини тотал назорат қилиш, ҳар қандай мустақил фикрни йўқ қилиш, ягона мафкура устуворлигини таъминлаш ички сиёсатнинг асосий йўналишига айланди. Бу йўлда ўзгача фикрловчиларни жисмоний йўқ қилиш асосий восита бўлди. 1937 йилдаги «Советларга қарши унсурлар тўғрисида»ги декрет бошлаб берган «катта қирғин» бутун бошли Совет Иттифоқи халқлари қатори ўзбек халқи бошига ҳам жуда аянчли кунларни солди. Қатағон қилинувчиларнинг турли рўйхатлари тузилиб, оммавий қатағонлар одат тусига кирди. Ана шундай рўйхатлардан бири 1938 йил 28 мартда Сталин ва партиянинг бошқа раҳбарлари имзоси билан НКВДга ижро учун юборилган. Унда 155 киши отувга, 10 киши узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинганди.

Бухоро «Фитрат»и

1886 йилда Бухорода зиёлилар оиласида таваллуд топган Абдурауф Фитрат тарихчи, филолог, ёзувчи, драматург сифатида ном қозонган, замонавий ўзбек тили ва адабиёти асосчиларидан бири, таниқли жадид маърифатпарвари сифатида шуҳрат қозонган.

Фитрат дастлаб эски мактабда, кейин эса Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Отаси савдо билан шуғуллангани сабаб кўп мамлакатларга саёҳат қилиш имконига эга бўлган. Ҳаж сафаридан сўнг, 1902–1903 йилларда Туркия, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистонга (француз билан машҳур мунозараси шу вақтда бўлган) сафар қилган. Кейинроқ, Россиянинг Қозон, Ярославл, Москва ва Петербург шаҳарларида бўлган. У, шунингдек, Туркияда Истанбул университетида таҳсил олади. Бу саёҳатлар унга она юртининг тараққиётдан нақадар ортда эканини кўрсатиб берган.

Фитрат ватани ҳам ана шундай тараққиётга эришиш сабабларини ўйлаган ва фақатгина халқни маърифатли қилиш мустамлакадан озод, тараққий этган мамлакатга айланиши мумкин деган хулосага келган. У ўзига маслакдош ёшлар билан бирлашиб, ўлкада жадидчилик деб аталмиш маърифатпарварлик ҳаракатининг йўлбошчиларидан бирига айланади. Бухорода ўқитувчилик билан шуғулланиб, жадидчилик ғояларини тарғиб қилди.

1915 йилдан «Ёш бухороликлар» сўл қанотига раҳбарлик қилди. У энди маърифатпарварлик ҳаракати билан бирга сиёсий фаолиятга ҳам шўнғиб кетди. Файзулла Хўжаев билан бирга амир ҳокимиятини ағдаришга ҳаракат қилди. Февраль инқилобидан сўнг Самарқандда бўлиб, «Ҳуррият» газетасига асос солади. Туркистон мухториятини «Миллий лайлатулқадримиз» дея эълон қилган Фитрат, унинг қонга ботирилиши билан ўзи ишонган большевикларни нақадар шафқатсиз эканини кўради. 1918–1921 йилларда Тошкентда бўлиб, илмий ва маърифий ишларга шўнғиди, «Чиғатой гурунги» ижтимоий-адабий жамиятга асос солди. Кейин эса, Бухоро халқ совет республикасига чақирилиб, маориф нозири, хорижия нозири, МИК раиси ўринбосари ва бошқа муҳим давлат лавозимларида фаолият олиб борди.

Айни шу даврда у умидли 70 нафар ёшларни Германияга бориб ўқиши, турк (ўзбек) тилини давлат тили деб эълон қилинишининг ташаббускори бўлди. Бу ҳаракатлар ўз «мева»сини бермай қолмади. 1923 йилда Рудзутак бошлиқ комиссия уни ишдан олди, Фитрат Россияга «чақириб олинди». 1923–1927 йилларда аввал Москвадаги шарқшунослик институтида, кейин Ленинград давлат университети Шарқ факультетида турк, араб, форс тили ва адабиётидан дарс берди. 1926 йилда профессорликка сайланди ва биринчи ўзбек профессорига айланди.

1927 йилда Россиядан қайтиб, 1937 йилгача ҳозирги СамДУда дарс берди. У озодлик, маърифатпарварлик мазмунидаги шеърлар, асарлар, драматургия намуналарини яратди. Унинг сиёсий ва маърифатпарварлик фаолияти, очиқ бўлмасада большевизмга қарши кайфияти доимо НКВД назоратида бўлишига олиб келди.

1937 йилда Фитрат кўплаб маърифатпарварлар қатори миллатчиликда айбланди ва қўлга олинди. Тинкани қуритувчи сўровлар, қийноқлардан сўнг 1938 йил 28 мартда тасдиқланган рўйхатга кўра, Тошкент шаҳрининг ҳозирги Юнусобод тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўзсув анҳори бўйида судсиз отиб ташланди. Бир кун ўтиб, номигагина расмиятчилик учун унинг отилиши бўйича суд ҳукми қабул қилинди.

Миллат «юлдуз»и

XX аср ўзбек шеъриятининг энг улуғ вакиллари қаторида Чўлпон номи алоҳида эҳтиром билан ёд этилади. Мустамлакачилик, зулмга қарши ўтли шеърлари, озодлик ва адолат куйчиси сифатида майдонга чиққан Чўлпоннинг ижтимоий, маърифатпарварлик фаолияти миллатни уйғотишда катта роль ўйнади. У шоир, ёзувчи, таржимон, драматург, адабиётшунос, тилшунос олим сифатида миллат тарихидан муқим жой олган.

Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон 1897 йилда Андижонда туғилган. Отаси Сулаймон Мулла Муҳаммад Юнус ўғли ўз даврининг илғор кишиларидан бири бўлган, «Расво» тахаллусида шеърлар ёзган. Абдулҳамид дастлаб 1908–1912 йилларда мадрасада, кейин рус-тузем мактабида ўқийди. Чўлпон ўша вақтда Самарқанд, Тошкент, Қозон, Боку ва Туркияда чоп этилган газета, журналлар билан доимий равишда танишиб борган.

Шарқ мумтоз адабиёти ҳамда жадидлар асарларини, уларнинг ижтимоий-сиёсий қарашларини ўрганиши кейинги фаолият йўналишини танлашида асосий роль ўйнайди. Матбуотда ўз чиқишларини бошлаган Чўлпон турли мавзудаги мақолалар, фельетонлар, шеърларини чоп эттиради. Чўлпон 1914 йилда Тошкентга келади ва «Садои Туркистон» газетаси билан ҳамкорликда ишлайди. Турли йилларда «Янги Шарқ», «Иштирокиюн», «Дархон» газеталарида, «Муштум» журналларида турли лавозимларда ишлайди. Шу даврда у большевиклар «назари»га тушади. Унга қарши матбуотда чиқишлар кўпаяди.

У Халқ маориф комиссарлиги қошидаги Илмий кенгаш раиси сифатида ҳам ишлаган. Унинг газеталардаги фаолиятидан ташқари театрдаги фаолияти ҳам жуда самарали бўлди. У дастлаб «Турон» театрида директор, 1924 йилдан Москвадаги Ўзбек драма студиясида адабий раҳбар сифатида ишлаб, 1927 йили юртига қайтади ва Ўзбек давлат драма театрида адабий раҳбар сифатида ишлайди. Айни даврда Чўлпонга босимлар жуда ҳам кучайиб кетади. Москвада сиёсий онги янада ўсган Чўлпоннинг ижтимоий фаолияти, матбуотдаги озодлик ва миллий уйғонишга йўғрилган чиқишлари қаттиқ танқид остига олинади.

1927 йил октябрдаги Ўзбекистон маданият ходимлари қурултойида Акмал Икромов томонидан танқид қилиниб, йиғилишдан чиқариб юборилади. Шундан сўнг, Чўлпон қурултойга узрнома ёзиб, «хатоларини тан олади» ва «айбини ювишини» айтади. Бироз ўтиб, 1931 йилда Файзулла Хўжаев маслаҳати билан Москвага кетиб, СССР ХКС ва Шарқ халқлари марказий нашриётида таржимон бўлиб ишлайди. 1934 йилда юртига қайтган шоир «Муштум» ва «Гулистон» журналларида ва «Театр» газетасида қўлга олингунга қадар адабий ходим бўлиб ишлайди. Унинг ижтимоий-сиёсий мавзулардаги «Бузилган ўлка», «Виждон эрки», «Кишан», «Халқ» шеърлари том маънода адабиётнинг таъсир кучини кўрсатиб берди. Асарлари уни тобора қатағон машинаси томон олиб борарди.

Чўлпон 1937 йил 14 июлда қамоққа олиниб, машъум 1938 йил 4 октябрь куни ўқ етмай қолганидан болтада қатл этилади.

Ўзбек романчилиги асосчиси - Жулқунбой

Ўзбек романчилигининг асосчиси сифатида эсланадиган Абдулла Қодирий 1894 йилда Тошкентда туғилган. Бугун кўпчилик Қодирийни «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романлари орқали танийди бироқ, унинг маърифатпарварлик ҳаракати вакили сифатидаги ижтимоий фаолияти ҳақида камроқ маълумотга эга.

Отаси Қодир бобо рус босқини пайтида Тошкент мудофаасида қатнашган ва бу унинг тарихий романларини дунёга келишида муҳим роль ўйнаган. Абдулла Қодирий дастлаб эски мактабда, кейин рус-тузем мактабида, Абулқосим шайх мадрасасида ўқийди. 1925 йилда Москвага кетиб, адабиёт курсида ўқийди. У араб, форс ва рус тилларини мукаммал ўзлаштиради. Камбағаллик сабаб, эртароқ ишга киради. Аввал савдогарларга котиблик қилади, октябрь тўнтаришидан сўнг Тошкентда Эски шаҳар озуқа қўмитасининг саркотиби, «Озиқ ишлари» газетаси муҳаррири, Касабалар шўросининг бош котиби бўлиб ишлайди.

Абдулла Қодирий ижтимоий-сиёсий ҳаётга оид турли сатирик мақолалар, чиқишлари билан миллатни уйғотишга ҳаракат қилди, мавжуд тузумни аёвсиз танқид остига олди, сиёсий ҳокимият вакиллари олдига қатор саволлар қўйди. Унинг миллатпарварлик, маърифатпарварлик руҳидаги дастлабки «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси чоп этилади. Абдулла Қодирийнинг «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» сатирик ҳикоялари, ўзбек тилидаги илк роман – «Ўткан кунлар», кейинроқ «Меҳробдан чаён» романларини бирин-кетин чоп эттирди. У 1919-1925 йилларда 300 га яқин турли мавзулардаги мақолалар эълон қилди. Буларда сиёсатдаги хато ва камчиликларни кўрсатишга, миллатни уйғонишга даъват этди ва унинг бу уринишлари «жавоб»сиз қолмади.

Унинг фаолиятининг энг муҳим босқичи бу – шубҳасиз «Муштум» журнали билан боғлиқ бўлди. У журнал ташкилотчиларидан бири ва таҳрир ҳайъати аъзоси эди. 1926 йилда журналда «Овсар» тахаллуси билан «Йиғинди гаплар» ҳажвиясини чоп эттирди. Бу мақола босилгач, Қодирийга «Аксилинқилобчи…”, «Раҳбар ходимларни обрўсизлантириш…” айблари қўйилиб, уч ойлик сўроқ-терговдан кейин бўлган суд жараёнида у ўзини оқлаб, узрнoмa маъруза сўзлайди. Кейинроқ, унинг «Обид кетмон» қиссаси ҳам кескин танқидга учрайди. Ёзувчининг тарихий романлари ҳукмрон мафкурага зид асарлар бўлиб чиқди. Абдулла Қодирий 1937 йил 31 декабрь куни ҳибсга олиниб, 9 ойлик тергов ва қаттиқ қийноқдан сўнг қатл этилди. Унинг асарлари «зарарли» деб топилиб, ўқиш таъқиқланди.

Ўзбек тилшунослиги дарғаси

Маърифатпарвар, тилшунос олим, биринчи ўзбек тилшунослик профессори Ғози Олим Юнусов ҳам турли ёлғон айбловлар қўйилиб, қатағон қурбонига айланган. У моҳир таржимон, фольклоршунос, олий ўқув юртида форс ва араб, ўзбек ва рус, инглиз тилларидан дарс берган мураббий ҳамда ажойиб ташкилотчи раҳбарлардан бири эди.

Ғози Олим Юнусов 1893 йилда Тошкент шаҳрининг Ширинқудуқ маҳалласида ишчи оиласида дунёга келган. Бошланғич таълимни бир босқичли мадрасада олган. Таниқли фольклоршунос, адабиётшунос ва этнограф бўлган бобоси ва поччаси таъсирида тилшуносликка қизиқиши юқори бўлган.

Туркия университетида ўқиган, ахлоқ-одоб, ҳуқуқ ва дин муаммолари мутахассислигини эгаллаш учун Қоҳирага, ал-Азхар мадрасасига ўқишга юборилади. 1918 йил июлда Туркистон ёшларини миллий ва илмий руҳда тарбиялаш мақсадида «Турк ўчоғи» ташкилотини тузган. Маориф комиссарлиги қошидаги илмий кенгаш тил ва терминология шўбасида ишлаган. Шу комиссарлик қошидаги Тил ва терминология қўмитасида илмий котиб, Самарқанд педакадемиясида ўзбек тили кафедраси профессори, Тил ва адабиёт институтида илмий ходим сифатида меҳнат қилган. У адлия халқ нозирлигида ҳуқуқ масалалари бўлимини бошқаради ва қатор қонун ҳужжатларини ўзбек тилига таржима қилади.

У Самарқанд, Тошкент, Сирдарё (Мирзачўл) вилоятларида бўлиб, халқ қўшиқлари, жумбоқлари, мақолларини, «Алпомиш» достонининг 2 қисмини (50 саҳифа), кўплаб ҳикоятларни тўплаган. 1922 йилда йирик ўзбек достони — «Алпомиш»ни Фозил Йўлдош ўғлидан биринчи бўлиб ёзиб олган эди. 1930 йилда профессор илмий унвонини олади. Ғози Юнус тахаллуси билан матбуот, тилшунослик, адабиёт, фольклоршуносликка оид долзарб мақолалар ёзган.

1937 йил 3 июлда ҳибсга олиниб, пантуркист, аксилинқилобчи ва буржуа-миллатчи айбловлари қўйилиб, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган.

Ўзбек «Люме́р»и

Ўзбек кинематографияси асосчиси Худойберган Девонов ҳақида билувчилар камчиликни ташкил этади. У ўзи ким эди? Худойберган 1879 йилда Хоразмда туғилган. Ёшлигидан ижодий истеъдоди билан ажралиб турган. У араб, форс ва рус тилларини билган. У Хивага хон рухсати билан келган немис-меннонитларидан немис тилини ҳам ўрганган.

Немис-меннонитларидан Вилгелм Пеннерда фотоаппаратни биринчи марта кўриб, унга шогирд тушган. Пеннер унга фотоаппаратни (Leica) совға қилади ва 1903 йилда Хиванинг миноралари ва оддий аҳоли вакилларини суратга ола бошлаган. Диний уламоларнинг қаршилигига қарамай хон Муҳаммад Раҳимхон II ўз ҳимоясига олган. Хон Худойберганга ўз суратини олдирган ва девонга ишга олган. 1907 йилда Девонов Санкт-Петербургга боради ва фотографияни мукаммал ўрганиш билан бирга кинематография билан ҳам қизиқиб қолган.

У Хоразмга илк марта киноаппаратни (“PATE” №593 маркали) олиб келган. Унинг ёрдамида биринчи марта Асфандиёрхоннинг файтонда саёҳати акс этган киносюжет тасвирга олинди. У 1907-1908 йилларда Москва ҳамда Петербургдан граммофон, телескоп, фото ва кино асбоблари олиб келиб, фотолаборатория ташкил этган. Бу лаборатория Хоразмда фотокиностудия вазифасини ўтаган. Девонов ижоди рус киносанъаткорлари фаолияти билан деярли бир вақтда бошланган. Унинг «Ўрта Осиё меъморий ёдгорликлари», «Туркистон кўринишлари», «Хива ва хиваликлар» каби қисқа ўлчамли ҳужжатли фильмлари илк ўзбек кинематографияси наъмуналари ҳисобланади. ХХСР даврида мактаб, интернатлар очиб, унда фото-кино ишларини олиб борди, кўплаб фотосурат ва кинолавҳалар яратди.

Ўзбек киностудияси ташкил этилгач, Девоновга Хоразмда кино ишларини олиб бориш топширилди. Кейинроқ «Совкино»нинг мухбири этиб тайинланиб, Москвага «Шўр кўл», «Ишчи аёллар» сингари сюжет ва лавҳаларини юбориб турди. Айнан унинг хизматлари туфайли, ўша даврдаги Хива шаҳри кўринишлари сақланиб қолди.

Қатағон сиёсати уни ҳам четлаб ўтмади. Унга ҳам буржуа-миллатчи айби қўйилиб, 1936 йилда ҳибсга олинди. 1938 йили сиёсий маҳбуслар сақланадиган Янгийўлдаги лагерга юборилди ва қийинчиликда 1940 йили вафот этди. У қамоққа олингач суратга олган киноленталарнинг кўпи йўқ қилиб юборилди. У биринчи ўзбек фотограф ҳамда кинематографи сифатида тарихда қолди.