Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қалбаки 100 минг сўмлик пул купюраларни сотаётганлар қўлга олинди. Бу ҳақда «Bugun.uz»га Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати

Маълум бўлишича, ДХХнинг вилоят бошқармаси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда шаҳарда яшовчи 33 ёшли С.Ш. қалбаки 100 минг сўмлик купюрадан иборат жами 50 миллион сўмни 5 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Шунингдек, унинг яшаш манзилида 2 миллион 600 минг сўм миқдоридаги қалбаки 100 минг сўмлик купюралар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида қалбаки пуллар 22 ёшли У.М. ва пискентлик 20 ёшли М.С. томонидан компьютер ва рангли принтер ёрдамида тайёрлангани маълум бўлиб, улар ҳам ҳибсга олинган.

Шунингдек, ушлангунга қадар улар томонидан жами 210 миллион сўм миқдоридаги қалбаки 100 минг сўмлик купюралар муомалага чиқариб юборилгани аниқланган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХ томонидан Тошкент вилоятида ўзгага ажратилган ерни 110 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушлангани хабар қилинган. Шунингдек, ДХХ жойларда катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни мусодара қилгани очиқланган.