Яқинда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан бир гуруҳ журналистлар ҳамроҳлигида «Safe Tourism» ташаббуси доирасида пресс-турда иштирок этдим. Саёҳатимиз Измир шаҳридан бошланди. Қуйида Измир шаҳри тарихи ва бугуни ҳақида қизиқарли маълумотлар ва унинг диққатга сазовор жойларидан олинган фотосуратларни тақдим этамиз.

Измир Туркиянинг аҳоли сони бўйича энг йирик учинчи шаҳри ҳисобланади. Шунингдек, у Истанбулдан кейин иккинчи йирик портга эга шаҳар ҳам. Измирни Туркиянинг Европаси ҳам дейишади. Измирда аҳоли сони 2020 йил маълумотларига кўра 4,3 миллиондан ошиқ. Шаҳар географик жиҳатдан Туркиянинг ғарбий қисмида, Эгей денгизи соҳилида жойлашган. Ўзининг қулай жойлашуви сабаб у ўз тарихи давомида муҳим стратегик шаҳарлардан бири бўлиб келган.

Фото: «Bugun.uz» 

Қадимги номи Смирна бўлиб, антик давр юнон шаҳарларидан бири сифатида шуҳрат қозонган. Маълумотларга кўра, Измир (Смирна) милоддан аввалги 3000 йилда ташкил топган. Афсоналарга кўра, шаҳарга Онадўлининг туб аҳолиси деб қараладиган лелеглар асос солган. Кейинчалик ҳудудга ионлар (юнонларнинг бир қавми) кўчиб келиб ўрнашган.

Форслар босқини пайтида шаҳар заифлашиб, харобага айланиб боради. Александр Македонский даврида қайта тикланган шаҳар кейинчалик Рим империясига қўшиб олинади. Империя иккига ажралиб кетгач, шаҳар Византия империяси таркибида қолади.

Шаҳарни эгаллаган илк турк Салжуқийлар қўмондонларидан бири Чақа Бейдир. 1081 йилда Салжуқийлар денгизчилари шаҳарни эгаллайди, аммо 1097 йилда салибчиларга бой беради. Кейинчалик ХIV асрда Усмонлига тобе Айдинўғиллари бейлиги Измир ҳудудини ўз назоратига олди. Аммо шаҳар яна Салибчи рицарларнинг қўлига ўтиб кетди. 1402 йилда Амир Темур Кичик Осиёдаги юришлари пайтида Измирни рицарлардан озод қилади. Кейинчалик эса шаҳар Усмонли назоратига ўтади.

Фото: «Bugun.uz»

Биринчи жаҳон урушидан сўнг Усмонли ҳудуди парчаланиб кетади. Ишғолчи кучлар собиқ империя ҳудудини бўлиб оладилар. Бу вазиятдан фойдаланган юнонлар 1920 йилда Измирни эгаллаб олади. Ғозий Мустафо Камол бошчилигидаги турклар шаҳар учун жанг қилиб 1922 йил 9 сентябрда шаҳарни озод қилади. Шу тариқа шаҳар яна турклар қўлига ўтади. Ушбу сана эса Измирнинг озод этилган куни сифатида тарихда қолди.

Измирда Ўртаер денгизи иқлими ҳукмрон. Ёзлари иссиқ ва қуруқ, қиш эса илиқ. Ёғингарчилик асосан қишда юз беради. Ёздаги максимал иссиқ 32 даража, қишдаги минимал даража эса 6 даража. Ўртача ҳарорат 27 даражани ташкил қилади.

Измир жамоат транспорти ҳақида гапирадиган бўлсак, шаҳарда метро, трамвай ва автобуслар шаҳар аҳли учун хизматда. Басмане темир йўл вокзали машҳур архитектор Густав Эйфел томонидан бунёд этилган. Шунингдек, Аднан Мендерес номли халқаро аэропорт ҳам мавжуд.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Денгиз бўйида жойлашгани сабабли Измирнинг асосий даромад манбаи бу унинг портларидир. Шунингдек, шаҳар ўзини ўзи электр энергияси билан таъминлай олади.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Измир бўйлаб саёҳатимизни соҳил бўйидан бошладик. Бу ерда порт яқинида ажойиб бино бўлиб, бугунги кунда Пиер Конак дейишади. Бу бино 1890 йилда архитектор Густав Эйфел томонидан қурилган бўлиб, божхона биноси вазифасини бажарган. Бино тошлардан қурилган бўлиб, том қисми қизил рангли пластердан ёпилган. Бино 2003–2004 йилларда бугунги қиёфага келган ва ҳозирда бу ерда савдо маркази жойлашган. Дунёга машҳур брендларнинг дўконлари жойлашган бу манзил сифатли харид ихлосмандлари учун ажойиб жой.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Кейинги манзил, Конак майдони ва у ерда ўрнатилган соат. Ушбу майдонда, шунингдек, вилоят ҳокимлиги биноси, маъмурий бинолар, масжид ва Измирга биринчи бўлиб кирган Ҳасан Таҳсиннинг ҳайкали ҳам жойлашган. Майдоннинг марказида жойлашган Конак соати 1901 йилда Усмонлининг энг машҳур султонларидан, энг узоқ ҳукм сурган охирги ҳукмдор Абдулҳамидхон II нинг тахтга чиққанининг 25 йиллиги муносабати билан яна ўша Густав Эйфел томонидан қурилган. Соатнинг баландлиги 25 метр бўлиб, султон ҳукмронлигининг 25 йиллигини билдириб турган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Соат шарқ ва ғарб меъморчилик услубларининг қоришмасини ўзида намоён этади. Деворларидаги бўртма нақшлар соатга ўзгача гўзаллик бахш этиб турибди. Соатнинг энг юқори қисмида эса Ислом дини рамзи деб қараладиган ярим ой шакли ўрнатилган. Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларнинг сайр қилиши учун жуда ажойиб манзил.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Қадимдан бозорлар шаҳар аҳлининг энг гавжум нуқтаси бўлиб келган. Измирда ҳам шундай бозорлардан бири бу Кемералти бозоридир. Бозор ХVI асрда барпо этилган бўлиб, бир нечта карвонсаройлардан иборат. Қадимда бозорлар мавжудлиги карвонсаройлар қурилиши учун туртки ҳисобланган. Измир порт шаҳар бўлгани сабабли, бозор ҳам денгиз яқинида жойлашган. Бозордаги деярли барча маҳсулотлар Туркия маҳсулоти. Кийим-кечак дейсизми, тилла буюмларми, ширинликларми ёки бренд маҳсулотларми, барчасини топиш мумкин. Ресторанга айлантирилган карвонсаройларда эса ажойиб турк таомларидан баҳраманд бўлиш мумкин.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Измир шаҳри 2020 йилда юз берган зилзила оқибатида анча зарар кўрган эди, аммо бугун унинг оқибатлари деярли кўринмайди. Шаҳар тўлиқ қайта тикланган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Навбатдаги фоторепортажларда кўришгунча.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади