Наманган вилоятида Қамчиқ довонидан ўтган А-373 автомобиль йўлида ҳаракатланиб келаётган юк машинаси ағдарилиб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг матбуот хизмати

Маълум бўлишича 1993 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги «DAF» русумли юк-транспорт воситасининг тормоз тизимида муаммо юзага келган. Оқибатда ҳайдовчи довондаги фалокатли ҳолатларнинг олдини олишга мўлжалланган махсус йўлакка қараб ҳаракатланган. Йўлакка чиққандан сўнг юк машинаси ағдарилиб кетган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи йўлида учраган биринчи махсус йўлакка чиқиш ноқулай бўлгани учун унга чиқмаганини таъкидлаган. Шу сабабли у йўлидаги иккинчи махсус йўлакка чиққан. Шундан сўнг унинг машинаси ҳаракатланишдан тўхтаб, орқага кетишни бошлаган ва ағдарилиб кетган.

Ҳайдовчи бундай йўлаклар қум билан қопланган бўлиши кераклигини айтган. Шунингдек, у агар йўлак қум билан қопланса, унга чиққан машиналар орқага кетиб қолмаслигини қайд этган.

Аввалроқ Қамчиқ довонида ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб «Cobalt» ағдарилиб кетганди. Шунингдек, довонда иккита юк машинаси тўқнашиб, ҳайдовчилардан бири салонда қисилиб қолгани айтилган.