Туннеллар кончилик, ҳарбий, транспорт ва сув манбаларини тарқатиш каби мақсадларда барпо қилинади ва фойдаланишга топширилади. Бугун сиз билан дунёнинг энг узун транспорт туннеллари ҳақида гаплашамиз ва уларнинг ғайриоддийлигидан баҳраманд бўламиз.

1. Готтард таянч туннели. Швейцария.

Швейцариядаги 57,1 километр узунликдаги мазкур темир йўл туннелининг (хизмат ва пиёдалар ўтиш йўллари билан ҳисоблаганда 151,84 километр) шимолий портали Эрстфелд қишлоғи яқинида, жанубий портали Бодио қишлоғи яқинида жойлашган.

Фото: «Transportinfo.fr» 

2010 йил 15 октябрда шарқий ва 2011 йил 23 мартда ғарбий қисмлари қуриб бўлингандан сўнг у дунёдаги энг узун темирйўл туннелига айланди. Туннель фойдаланишга топширилгандан сўнг Сюрихдан Милангача бўлган саёҳат вақти 3 соату 40 дақиқадан 2 соату 50 минутгача қисқарди. Унинг тижорий эксплуатацияси 2016 йил 11 декабрда бошланган. Мазкур туннелни қуриш ғояси 1947 йилдаёқ илгари сурилган. Қурилишда бир вақтнинг ўзида 3500 дан ортиқ ишчи, шу жумладан, муҳандислар, аналитиклар ва геологлар ишлаган. Мажмуа иккита туннелдан иборат бўлиб, улар бўйлаб поездлар қарама-қарши йўналишда ҳаракатланади. Туннель ичида иккита кўп функцияли темирйўл вокзали мавжуд. 2015 йил 1 октябрда у орқали илк синов ҳаракати амалга оширилган ва 2016 йил 31 майгача давом этган. Бу вақт ичида туннель орқали соатига 275 километр тезликда 5 минг поезд ҳаракатланган. Синовларни ўтказиш учун Швейцария темирйўлларининг ҳаракатланувчи таркиби ва Германиядан махсус ИCЭ-С ижарага олинган.

2. Сеикан туннели. Япония.

Узунлиги 53,85 километр бўлган темирйўл туннели Цангар бўғози остидан ўтиб, Япониянинг Хонсю оролидаги Аомори префектурасини ва Хоккайдо оролини боғлайди. Туннель ўзининг 23,3 километр узунликдаги сувости корпусига эга (у денгиз сатҳидан 100 метр пастгача тушади). Туннель 1988 йил 13 мартда фойдаланишга топширилган.

Фото: «Britannica» 

Ғоя 1939 йилда туғилган, 1946 йилда кун тартибига кирган. 1953 йилда лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги мамлакат парламенти томонидан эътироф этилган. Туннель қурилиши ғояси пайдо бўлишининг асосий сабаби 1954 йилда Цангар бўғозида содир бўлган кенг кўламли денгиз ҳалокати эди: тайфун пайтида ороллар орасидан ўтиб кетаётган бешта гавжум паром чўкиб кетган ва 1500 га яқин одам ҳалок бўлган. Тадқиқот ишлари ҳалокатдан сўнг дарҳол бошланган ва 1955 йилда Япония ҳукумати олимлар ва мутахассисларнинг фикрларини ўрганиб чиқиб, қурилиш ишларини бошлаш мумкин, деган хулосага келган. Қурилиш ишлари 1964 йилдан 1988 йилгача давом этди ва унда 14 миллионга яқин одам ишлади. Туннель қурилишининг моддий қиймати 19641–988 йилларда 538,4 миллиард иенани 93,6 миллиард доллар) ташкил этди. 2016 йил 26 мартда туннель Хинкайдо оролидаги Токио ва Ҳакодате шаҳарлари орасидаги 863 километр масофани 4 соату 2 дақиқада босиб ўтадиган «Синькансен» тезюрар поездлари ҳаракати учун очилди.

3. Евротуннель.

Узунлиги 51 километр бўлган мазкур икки йўлли туннель континентал Европани Буюк Британия билан темирйўл орқали боғлайди. Унинг шарофати билан Париждан Лондонга етиб бориш вақти 2 соату 15 дақиқага қисқарди.

Фото: «La voix du nord» 

Туннелнинг очилиш маросими 1994 йил 6 майда бўлиб ўтди. Худди шу йили Америка қурилиш муҳандислари жамияти Евротуннелни дунёнинг етти мўъжизасидан бири деб эълон қилди. Евротуннелнинг узунлиги 23,3 километр бўлган сувости корпуси узунлиги бўйича Сеикан туннели корпусини ортда қолдириб, сувости узунлиги бўйича рекорд ўрнатди. Евротуннель, шунингдек, энг узун халқаро туннелга айланди.

Ла-Манш остида туннель қуриш ғояси ХVIII аср охири ХIХ аср бошларида Нор-Па-де-Кале ҳудудида пайдо бўлган. 1802 йилда француз муҳандиси Альбер Мате-Фаве туннель қуриш ғоясини илгари сурди. Лойиҳага кўра, туннель ёғли лампалар билан ёритилиши ва унда от аравалар ҳаракатланиши керак эди. Ўша пайтда қурилиш қиймати 1 миллион фунт стерлингга баҳоланган. Лойиҳа Наполеон I томонидан Буюк Британия ва Франция ўртасида тинчлик шартномаси тузилаётган пайтда таклиф қилинган, бироқ Учинчи коалиция уруши туфайли у қоғозда қолиб кетган. Бу орада туннель қурилиши бўйича яна бир неча бор амалий ва назарий жараёнлар содир бўлди ва айрим сабабларга кўра тўхтаб қолди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин туннель қуриш ғояси яна жонланди. 1957 йилда тадқиқот гуруҳи тузилди, гуруҳ 1960 йилда ўз ҳисоботида иккита асосий туннель ва битта хизмат туннелини қазиш таклифи билан чиқди. Лойиҳа 1973 йилда тасдиқланди ва ишга туширилди. 1984 йилда Буюк Британия ва Франция ҳукуматлари қўшимча маблағларни жалб қилмасдан туриб, қурилиш ишларини якунлаш имконсиз, деган хулосага келди. Хуллас, шу каби тўхталиш, танаффус ва муаммоларга қарамай, дунёдаги энг узун учинчи туннель барпо бўлди ва у бугун миллионлаб одамларга хизмат қилмоқда.

4. Юлхён туннели. Жанубий Корея.

Мазкур туннель 2016 йил декабрда очилган бўлиб, у 50,3 километр узунликдаги дунёдаги тўртинчи узун темирйўл туннели ҳисобланади.

Фото: «Republicworld.com» 

Икки йўлли трубадан ташкил топган туннель Сеулнинг жануби-шарқий қисмидаги Сусео станциясини Геонгбу тезюрар темирйўли билан боғлайдиган 61,1 километрли Сусео-Пхентаэк тезюрар темирйўлининг бир қисмидир. Юлхён туннели Янги Австрия туннель усули (НАТМ) ёрдамида қурилган бўлиб, у максимал 300 км/соат тезликка мўлжалланган. 2021 йил 14 апрелда ташқи аудит туннель очилганидан бери мавжуд бўлган структуравий ва дизайн камчиликларини аниқлади.

Текширув ишлари шуни кўрсатдики, бир нечта омиллар, шу жумладан, бепарво геологик тадқиқотлар ва рухсат этилмаган қурилиш усуллари йўлнинг деформацияланишига олиб келди, конструкциясини нотекис қилиб қўйди. Бу эса ҳаракатдаги поездларнинг ҳаддан ташқари тебранишига олиб келди ва ҳаракат тезлигини соатига 240 километрдан пастгача пасайтирди. Бу кўрсаткич баъзи участкаларда соатига 90 километрни ташкил қилмоқда.

5. Сонгшан кўли туннели. Хитой.

Бу туннель Хитойнинг Донггуан шаҳрида жойлашган кўплаб туннелларидан бири бўлиб, узунлиги 38,89 километрга етади. 2016 йилда қуриб битказилган ва Донггуан-Ҳуизҳоу шаҳарлараро темирйўл қатновини осонлаштириш учун хизмат қиладиган туннель Сонгшан кўли орқали ўтгани учун ҳам шундай номланади.

6. Лотсчберг таянч туннели. Швейцария.

2007 йил июнь ойида очилган мазкур туннелнинг узунлиги 34,57 километрни ташкил этади. Таянч туннель Алп тоғлари остидаги эски Лотсчберг темирйўл туннелидан 400 метр пастдан ўтади. Ундан фойдаланиш учун йўловчи ва юк поездларига рухсат берилади. 

Фото: «Wikipedia» 

Швейцария йўлларида юк ташишни камайтириш учун қурилган Лотсчберг чизиғидаги янги туннель, шунингдек, Швейцариянинг тоғ-чанғи курортларига борадиган немис сайёҳларининг саёҳат вақтини 50 фоизга қисқартирди. Туннель қурилишининг умумий қиймати 4,3 миллиард Швейцария франкини ташкил этади. Туннелдан кунига тахминан 110 та поезд фойдаланиб, шундан 30 таси йўловчи, 80 таси юк, шу жумладан, интермодал юк ва оғир юк поездлари ҳисобланади.

7. Янги Гуанжиао туннели. Хитой.

Мазкур икки йўлли темирйўл туннелининг умумий узунлиги 32,645 километрни ташкил этади ва бу кўрсаткич уни Хитойнинг энг узун темирйўл туннелига айлантирган. Янги Гуанжиао туннели тезлиги соатига 160 километргача бўлган транспорт учун иккита параллель йўлдан иборат қилиб барпо этилган. Туннель қурилишидан олдин бу жараён 5 йил давом этиши тахмин қилинган. У мураккаб геологик шароитда жойлашган бўлиб, баъзи жойларда унинг баландлиги денгиз сатҳидан 3300 метргача ошади. Туннелнинг қурилиш ишлари 2007 йилда бошланган ва 2014 йил апрелда якун топган. У 2014 йил 28 декабрда фойдаланишга топширилган.

8. Гуадаррама туннели. Испания.

Испаниядагу Мадрид-Леон тезюрар темирйўлининг асосий қисмини ташкил этувчи Серра-де-Гуадаррама бўйлаб тушган мазкур темирйўл туннели иккита алоҳида параллель қувурлардан иборат бўлиб, ғарбий қувурнинг узунлиги 28,407 метр, шарқий қувурининг узунлиги 28,418 метрни ташкил этади. 

Фото: «Ciudadfcc.com» 

Гуадаррама туннелининг қурилиши расман 2002 йил 28 сентябрда бошланган. Туннель 2007 йил декабрь ойида транспорт ҳаракати учун очилган бўлиб, ундан асосан АВE тезюрар йўловчи поездлари фойдаланган. Гуадаррама туннели пойтахт билан Испаниянинг шимолий ва шимоли-ғарбий қисмлари ўртасида поездлар ҳаракатини осонлаштирадиган Мадрид-Леон тезюрар темирйўлининг энг муҳим қурилиш ишлари сифатида ишлаб чиқилган. Ундан фойдаланиш тезлиги соатига 350 километрни ташкил қилади.

9. Ғарбий Циньлин туннели. Хитой.

28,236 километр узунликдаги мазкур темирйўл туннели Хитойнинг иккинчи узун темирйўл туннели ҳисобланади. Унинг қурилиш ишлари 2008 йил август ойида бошланган ва 5,5 йил давом этган. Туннель юк ташиш ва Лонгнан шаҳрини Гансу провинцияси таркибидаги Ваина, Луотанг ва Фенгхианг шаҳарлари билан боғлаш учун хизмат қилади. Турли маълумотларга кўра, у транспорт ҳаракатлари вақтини 17,5 соатдан 6,5 соатгача қисқартиради.

10. Тайханг туннели. Хитой.

Хитойнинг шимолидаги Янги Гуанжиао ва Ғарбий Циньлин туннелларидан кейин учинчи энг узун тоғ темирйўл туннели Шицзячжуан—Тайюань тезюрар темирйўлининг Тайханг тоғларидан ўтиш имконини бериш учун қурилган икки йўлли туннелидир. Туннель чап йўлининг узунлиги 27,839 метр, ўнг томонининг узунлиги эса 27,848 метрга етади. Туннель қурилиши 2005 йил 11 июнда бошланган ва у 2007 йил 22 декабрда фойдаланишга топширилган. Тайханг туннелининг очилиши ва тезюрар темирйўл қурилиши тугагандан сўнг Шицзячжуандан Тайюаньгача бўлган саёҳат вақти деярли олти соатдан бир соатгача қисқарган.

Бизда ҳозирча шулар. Яна рейтинглашгунча деб қоламиз.