Кеча, 2021 йил 7 октябрь куни, Нобель мукофотининг Адабиёт бўйича йўналиши соҳиби номи маълум бўлди. Бу асли танзаниялик британ ёзувчиси Абдулраззоқ Гурна бўлди. Лауреат номи эълон қилингач, унчалик таниқли бўлмаган ёзувчи шахсияти кўплаб китобхонлар қизиқишига сабаб бўлди. Худди 2020 йилги номзод Луиза Глюк каби Гурнанинг асарлари ҳам кўпчиликка нотаниш, ҳатто рус тилидаги таржималари ҳам йўқ эди. Қуйида Гурнанинг ҳаёт ва ижод йўли билан танишиб, унинг қандай қилиб Нобелга сазовор бўлганини кўриб чиқамиз.

Фото: «Nobel Prize»

Абдулраззоқ Гурна 1948 йилда Занзибарда мусулмон араб оиласида дунёга келган. Собиқ британ мустамлака давлати бўлган Занзибар 1964 йилда Танзания давлатининг бир қисмига айланди.

Мамлакатдаги этник урушлар сабабли Гурна 1968 йилда Буюк Британияга қочоқ сифатида кўчиб ўтади ва Кент университетида ўқишни давом эттиради. 1980 йиллар бошида Нигерияга қайтиб, университетда маърузалар ўқиган. 1982 йилда эса яна ўзининг альма-матери бўлган Кент университетида докторлик диссертациясини ёқлайди ва шу ерда мустамлакачилик адабиёти ва ёзувчилари ижоди бўйича сабоқ бера бошлайди. Бугунги кунда 73 ёшли адиб шу университетнинг профессори ҳисобланади.

2021 йилги Нобель мукофоти унга «мустамлакачилик оқибатлари ва қочқинларнинг маданиятлар ва қитъалар орасидаги жарликдаги тақдирини таъсирли ва муросасиз ёритгани» учун тақдим этилди. Унинг ҳаёт ва ижод йўлини кўрар эканмиз, миграция, турли маданиятлар бўйлаб тўнашув унга бегона эмаслигига гувоҳ бўламиз.

Адибнинг она тили суахили тили бўлса-да, у ўз ижодини инглиз тилида бошлаган. Асарлар ёзишида унга Қуръон суралари, араб ва форс шеърияти, шунингдек, «Минг бир кеча» эртаги илҳом бағишлаганини кўп таъкидлаган. Дастлабки асари «Сафар хотираси» китоби бўлиб, асар воқеалари Шарқий Африка шаҳри харобаларида бўлиб ўтади. Бош қаҳрамон Ҳасан исмли болакай ўзининг пиёниста отасидан ва бошқа чекловлардан қутулишга уринади. Асарда коррупция иллатининг оқибатлари, инсонлардаги иккиюзламачилик ва турли табақалар ўртасидаги аянчли тафовут борича тасвирланган эди.

Фото: «Wikimedia»

Гурнанинг энг машҳур асари 1994 йилда ёзилган «Жаннат» романидир. Бу асар Танзаниядаги ўйлаб топилган Кава шаҳрида туғилган Юсуф исмли болакай тақдири ҳақида сўзлайди. Унинг отаси ательеда ишлайди, аммо араб савдогаридан катта қарзи бор. Қарзни узиш учун эса Юсуф ўша савдогар қўлида ишлашга мажбур бўлади. Бола савдогарлар билан бирга қитъа марказига сафарга йўл олади. У ерда қаҳрамонлар тажовузкор кайфиятдаги маҳаллий қабилаларга, ёввойи жониворларга ва турли қийинчиликларга дуч келади. Карвон ортга қайтганида эса Биринчи жаҳон уруши бошланган эди ва улар энди немис аскарлари сифатида мажбуран урушга жалб қилинади.

Бу асар 1994 йилда Британияда «Букер» ва «Costa» мукофотларига номзод сифатида кўрсатилган, аммо ғолиб бўла олмаган.

Абдулраззоқ Гурнанинг сўнгги романи «Нариги дунёдаги ҳаёт» (Afterlives) бўлиб, 2020 йилда нашр этилган ва асар «Жаннат» романи тугаган пайтда бошланади. Бу роман саҳифаларида немислар тарафида хизмат қилишга, уларнинг хўрлашларига дош беришга мажбур бўлган Ҳамзанинг мураккаб ва чалкаш ҳаёти ёритилади. У жароҳати туфайли туғилган қишлоғига қайтишга муваффақ бўлади. Аммо оиласи бу ерларни аллақачон тарк этганди. Гурна шу орқали қаҳрамондаги мураккаб ижтимоий вазиятни юзага келтиради.

Ёзувчининг қаҳрамонлари кўпинча ташқи дунё, унинг адолатсизлиги билан қаттиқ қарама-қаршиликка киришадиган ёшлардир. Асарлари саҳифаларида ўтмиш ҳақидаги даҳшатли сирлар очилади, коррупция, хиёнат ва ҳатто энг яқин одамлар — ўз ота-оналари ҳам душманлардан кўра ёмонроқ бўлиб чиқиши мумкин бўлган инсонлар тақдири кўрсатилади.

Гурна асарларида мустамлакадан кейинги Африка жамиятидаги одамлар муаммоларини тасвирлаб, бу борада ўз шахсий тажрибасини ҳам қўшиб кетади. Танқидчиларнинг таъкидлашича, Гурна инсонлардаги умидсизликни, йўқотишларни истеҳзо билан жонлантиради. 

Нобель қўмитаси мутахассислари таъкидлаганидек, Гурнанинг романлари ноодатий постколониал адабиётдир. Унинг сюжетлари Африка халқлари ҳаётига тўлиқ бағишланган — ҳатто ўзи яшаган ҳудудларда воқеалар содир бўлмаган тақдирда ҳам, ёзувчи бу одамлар билан нима бўлаётганини тасвирлашга ҳар томонлама жонкуярлик билан ёндашади.

Фото: «Meduza»

Юқоридагиларни ҳисобга олганда, Гурнанинг Нобель мукофоти совриндори сифатида тан олиниши унчалик ажабланарли ҳол эмаслигига гувоҳ бўламиз. У — инглиз тили ва адабиёти бўйича мутахассис, профессор. Том маънода, адабий олам шахси. У асарлари орқали кўпчиликка нотаниш бўлган Африка қитъасидаги мустамлакачилик ҳаракатлари ва ундан кейинги одамлар тақдирини ортиқча бўёқларсиз тасвирлаган. Бу нотаниш ўлка ҳаёти билан кўпчиликни таништирган. Эндиликда асарларининг кенг тарқалиши ва турли тилларга таржима қилинишига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шу орқали мустамлакачилик оқибатлари, қочоқлар ҳаёти ва маданиятлараро тўқнашувларга ўзгача назар солишимиз мумкин бўлади.

Ўктам Ўринтоев