Фарғона вилоятида қиймати 40 миллион сўмдан зиёд бўлган 4 турдаги пиротехника воситасини олиб кирмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Вилоят Божхона бошқармаси ахборот хизмати бу ҳақда «Bugun.uz» мухбирига хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Божхона бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, вилоят Божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Водил–Марғилон йўналишида кетаётган фуқаро Х.С. бошқарувидаги «Spark» кузатувга олиниб, Фарғона шаҳрида тўхтатилган. Машина холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Фото: Фарғона вилояти Божхона бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, машина салони ва юкхонасида божхона назоратини четлаб олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган жами 29 284 дона 4 турдаги пиротехника воситалари борлиги аниқланган. Уларнинг дастлабки қиймати 40,5 миллион сўмга тенг. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонга 70 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган дори олиб кираётган ҳайдовчи ушланган. Шунингдек, Бухорода юк машинасидан 1,1 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар аниқланганди.