Фарғона шаҳрида овқатланиш шохобчасининг ойналарини синдириб, уни ёқиб юборган бир гуруҳ йигитлар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, гумонланувчи С.Э. ва бошқаларга нисбатан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, тергов ҳаракатлари давомида ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиб, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади. Шунингдек, ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ Сирдарёда бир гуруҳ шахслар аёлни ёқиб юбориб, буталар орасига ташлаб кетгани хабар қилинган.