Қозоғистонда гўштини ейишга рухсат берилмайдиган ҳайвонлар рўйхати тузилади. Бу ҳақда Экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Алия Шалабековага таяниб, «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатда бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. «Мамлакатда биринчи маротаба баъзи ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш тақиқланади, сиз уларни уй ҳайвонлари деб атадингиз. Қайси ҳайвонлар уй ҳайвонлари рўйхатига киритилишини айта оласизми?» — деб сўраган журналистлар бири ўринбосардан. 

Алия Шалабекованинг сўзларига кўра, гўштини ейиш тақиқланадиган ҳайвонлар ит ва мушук бўлади. Шунингдек, тўтиқуш ва оқ сичқонларни ейишга ҳам чеклов қўйилиши мумкин.

«Бир киши итларни бошпанадан олиб чиқиб, уларни парвариш қилиш ўрнига гўштини озиқ-овқат учун ишлатган. Шу боис бошпанадан олиб кетиладиган ҳайвонлар устидан назорат ўрнатмоқчимиз», — деган у. Қайд этилишича, қонун лойиҳаси мамлакатда бир қанча прецедентлардан сўнг ишлаб чиқилган.

Аввалроқ Жанубий Корея президенти мамлакатда ит гўшти ейишни тақиқлашни таклиф қилганди.