Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги хонадонлардан бирига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, сўнгги йилларда бу ерда янги уйлар, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, болалар ўйингоҳлари қурилган. Ҳовлиларда яшовчилар ердан унумли фойдаланиб, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланади. Президент шаҳарнинг Гулистон маҳалласидаги Сайдулла Мирзаев хонадонига кириб, оиланинг яшаш шароитлари билан танишган. Оила бошлиғи узоқ йиллар чўпонлик қилган. Турмуш ўртоғи Ҳосият ая билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Хонадон томорқасидаги иссиқхонада лимон кўчатлари экилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Сурхондарё — Худо берган замин. Бу ерда қишлоқ хўжалигидан бир йилда уч марта ҳосил олиш мумкин. Шундан фойдаланиб, ривожланган давлатлардан технология олиб келиб, маҳсулотларга бозор топишимиз керак. Бу ҳам қўшимча даромад, янги иш ўринлари бўлади», — деган Президент. Сайдулла Мирзаев ўғли тадбиркор, келини шифокор бўлиб ишлаётгани, неваралари яхши таълим олаётгани, турмушига шукр қилишини айтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Шукроналик — энг эзгу қадрият. Ҳозир яшаш учун ҳам, ўқиш, ишлаш учун ҳам ҳамма шароит бор. Энг аввало, юртимизда тинчлик-осойишталик бўлиши керак», — деган Шавкат Мирзиёев. Давлат раҳбари ташриф давомида Термиз шаҳрининг Мангузар маҳалласида қурилган замонавий кўп қаватли уйларни ҳам кўздан кечирган. Шу билан Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келган.

Аввалроқ Президент Сурхондарёга ташриф буюрганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Термиздаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатга борган.