Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида боласини ҳожатхонага ташлаб юборган аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 19 ёшли Х.А. 2020 йил 6 август куни туман касб-ҳунар мактабининг ҳожатхонасида туққан фарзандини ўша ҳожатхона ичига ташлаб юборган. Шунингдек, воқеадан хабардор бўлганлар уни қутқариб олган. У вилоят перинатал маркази раҳбари номига турмушга чиқмагани, оилавий шароити ва бола парваришига имконияти йўқлигини айтиб, оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортган.

Таъкидланишича, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан ўтказилган мажлисда даъво аризаси кўриб чиқилган. Аёл Оила кодексининг 79-моддаси (Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш) 1-қисми билан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Аввалроқ Навоийда ҳали туғилмаган боласини 5 миллион сўмга пуллаган аёл қўлга олингани хабар қилинган. Шунингдек, Сурхондарёда икки ойлик чақалоғини 6 миллион сўмга сотиб, чет элга кетмоқчи бўлган аёл ушлангани маълум қилинган.