Наманган вилояти Поп туманида 6 октябрь куни «Damas» велосипедчини уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, воқеа соат 11:00 атрофида Пунгон–Ғурумсарой–Поп автомобиль йўлининг 25-километрида содир бўлган. Аниқланишича, поплик 24 ёшли фуқаро «Damas» автомашинасида ҳаракатланиб кетаётганда йўлни кесиб ўтаётган 27 ёшли велосипедчини уриб юборган.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида велосипед ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Ушбу ҳолат бўйича Поп туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Наманганда «Газель» йўлни кесиб ўтаётган велосипедчини уриб юборгани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкентда «Lada» уриб юборган велосипед ҳайдовчиси ҳалок бўлгани маълум қилинган.