8 октябрь куни Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг (ЕХҲТ / ДИИҲБ) Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларини кузатиш миссияси 15 сентябрдан 5 октябргача бўлган давр оралиғидаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжат ЕХҲТ сайтида эълон қилинган.

Фото: «Ibna»

Миссия вакиллари сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиёти такомиллаштирилаётганини, мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни қайд этди. Миссия фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатининг мустаҳкамланишини муҳим ютуқ деб атайди. Сайлов комиссияларининг қароридан норози фуқаролар тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин. Аввал юқори комиссияга мурожаат қилинар, бу эса муаммонинг объектив ҳал этилишига тўсқинлик қилар эди.

Ҳисоботда таъкидланишича, сайловолди ташвиқотини тўсқинликсиз ўтказиш кафолати кучайтирилган. Олдин сиёсий партияларга ташвиқотга киришишдан 30 кун олдин рухсат сўраш шарт бўлса, эндиликда бундай рухсатни олиш учун 3 кун олдин тегишли органларни хабардор қилиб қўйиш кифоя.

Шунингдек, МСКнинг жамоатчилик ва ОАВ учун очиқлиги ҳам алоҳида қайд этилган. Сайловчиларни хабардор қилиш, кампанияга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар қонунда белгиланган муддатда амалга оширилмоқда. МСК йиғилишлари онлайн трансляция қилинади ва унинг қарори эълон қилинади.

Бундан ташқари, шу йилнинг 23 июнь куни Симпозиумлар саройида МСКнинг матбуот маркази иш бошлади. Марказ ва унинг ҳудудий бошқармаларида сайлов билан боғлиқ матбуот анжуманлари, брифинг, учрашувлар мунтазам ўтказилиб келинаётгани алоҳида қайд этиб ўтилган. Матбуот маркази томонидан «Сайлов-2021» веб-портали ишга туширилиб, сайлов билан боғлиқ барча маълумотлар эълон қилиб борилмоқда.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси аҳоли ўртасида ахборот тарқатишнинг турли формат ва усулларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда видео ва график материаллар орқали кенг тарғибот-ташвиқот ишларини қўллаб-қувватлайди.

Барча сайлов участкаларининг геолокация маълумотлари жойлаштирилган интерактив мобил иловани ишлаб чиқиш, сайлов комиссиялари аъзоларини каскадли ўқитиш ва сайлов куни ковиднинг олдини олиш чораларини кўриш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида қайд этилган.

ЕХҲТ ҳужжатида давлат ва жамоат бошқаруви ва сайлов амалиёти тизимидаги бошқа бир қатор ижобий ўзгаришлар санаб ўтилган.

Хусусан, фуқароларнинг мамлакат ичида ҳам, чет элда ҳам эркин ҳаракатланиш ҳуқуқининг кенгайиши, шу жумладан, пойтахтда рўйхатдан ўтиш, чет элга чиқиш учун рухсат стикерини олиш зарурлиги ҳақидаги талабнинг бекор қилиниши олқишланган.

Ташкилот аъзолари сайлов жараёнига аёлларнинг жалб этилишини ҳам алоҳида қайд этган. Жумладан, ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, участка сайлов комиссиясининг қарийб 140 минг аъзосидан 46 фоизи аёллардир. Шу билан бирга, тегишли комиссияларни бошқараётган аёлларнинг улуши 33 фоиздан ошади.

Сўнгги йилларда ахборот муҳитининг яхшиланиши, жумладан, ахборот олиш имконияти ва айрим ижтимоий ва сиёсий муаммоларни танқидий ёритиш имкониятлари, хусусий оммавий ахборот воситалари сонининг кўпайиши олқишланди. ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси ҳисоботида, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштириш бўйича қатор тавсиялар мавжуд. Туҳмат, фуқароларнинг қадр -қимматини камситиш, ёлғон маълумот тарқатиш учун жиноий жазони истисно қилиш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, ҳужжатда йиғилиш эркинлигини тартибга солувчи аниқ қонун йўқлиги, ноқонуний йиғилишлар ўтказиш ва рўйхатдан ўтмаган уюшмалар фаолиятини ташкил этиш учун жиноий ва маъмурий жазоларнинг мавжудлиги қайд этилган. «Оммавий ахборот воситалари учун чекловчи ҳуқуқий асос сақланиб қолмоқда», дейилади ҳисоботда. Масалан, блоггерлар ва веб-сайт эгалари фойдаланувчиларнинг шарҳлари учун жавобгардир.

Бундан ташқари, миссия оғир жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумларнинг, шунингдек, суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг, шу жумладан, ақлий-психологик ногиронлиги сабабли сайлов ҳуқуқларининг чекланишига эътибор қаратади. Шунингдек, мустақил номзодларнинг президентликка номзод бўлиш ҳуқуқи йўқлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ ДИИҲБ Республика МСК таклифига биноан сайлов жараёнини кузатиш мақсадида Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ирландиялик дипломат Оуэн Мёрфи бошчилигидаги миссия аъзолари 14 сентябрдан буён Тошкентда фаолиятини амалга оширмоқда. Комиссиянинг асосий гуруҳи 11 та аъзодан иборат. Шунингдек, 24 сентябрдан буён бутун Республика бўйлаб комиссиянинг 28 нафар узоқ муддатли кузатувчиси кузатувни бошлаган. Кузатувчилар ЕХҲТга аъзо 26 мамлакатдан танлаб олинган. Бундан ташқари, сайловни кузатиш мақсадида ташкилотга аъзо давлатлардан яна 250 нафар кузатувчи етиб келиши кутилмоқда.

Президентлик сайловларини кузатиш мақсадида ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар миссияСи ташриф буюриши кутилмоқда.