Қозоғистонда итлар жангини ўтказиш расман тақиқланади. Бу ҳақда Экология, геология ва табиий ресурслар вице-вазири Алия Шалабековага таяниб, «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, навбатдаги ҳукумат йиғилишининг «Ҳайвонларга масъулиятли муносабатда бўлиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тақдимотида депутат Сирим Адамбаев республикада итлар жангини тугатиш масаласини кўтарган.

Ўз навбатида, вице-вазир Алия Шалабекова ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида итлар жангини тўлиқ тақиқлаш ҳам кўрсатилганини таъкидлаган. «Итлар жанги бу ниҳоятда шафқатсиз томошадир, уни тугатиш керак. Қонун лойиҳасида биз итлар жангини бутунлай тақиқлаш кераклигини кўрсатганмиз», — деган вице-вазир.

Аввалроқ Қозоғистонда ит ва мушукларни ейиш тақиқланиши мумкинлиги айтилганди. Шунингдек, Жанубий Корея президенти мамлакатда ит гўшти ейишни тақиқлашни таклиф қилган.