Афғонистон Марказий банкига Ғани даврида ишлаган амалдорлардан қанча маблағ тушгани айтилди
Афғонистон Марказий банкига мамлакатнинг аввалги раҳбарлигида ишлаган амалдорлардан қанча маблағ тушгани маълум бўлди. Бу ҳақда Марказий банк баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, Молия вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига Ғани даврида ишлаган айрим амалдорлардан 17 миллион доллар келиб тушган.
«Пуллар қуйидаги валюта ва қийматларда олинган: 86 164 350 афғони (950,5 минг доллар), 15 995 377 доллар, 7450 евро (8 620 доллар), 30 350 ҳинд руписи (404 доллар), 300 БАА дирҳами (81 доллар)», дейилган хабарда. Таъкидланишича, кўрсатилган маблағлар Кобул, Панжшер, Хост ва Логар вилоятларининг собиқ ҳукумат амалдорларидан келган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрон олдидаги электр энергияси учун қарзи қарийб 62 миллион долларга етган. Ҳаракат раҳбарияти мамлакатдан қочиб кетган амалдорларнинг уйини сотиш орқали қарзларни тўлашни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Марказий Осиё Кобулни электрсиз қолдириши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Афғонистон электр энергияси бўйича қўшни давлатлардан қанча қарздор экани маълум қилинган.