
Андижонда депутат ҳоким ва унинг ўринбосарига туҳмат қилганликда айбланди
Андижон вилояти Хўжаобод туманида депутат туман ҳокими ва унинг биринчи ўринбосарини ҳақорат қилиб, уларга туҳмат қилганликда айбланди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Маълум қилинишича, туман прокуратураси томонидан 8 июлда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Аниқланишича, туманнинг Бобур маҳалласида яшовчи 1962 йилда туғилган Пармонов Ойбек Анварович туман ҳокими З.Ахмадалиев ва унинг 1-ўринбосари И.Тешабоевларни ўта оғир жиноят содир этганликда айблаб, туҳмат қилган. Хусусан, О.Пармонов туман ҳокимлигининг Telegram’да тумандаги мутасадди идоралар раҳбарлари, ходимлари ва Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари иштирокида ташкил қилинган «Биз бир жамоамиз» номли гуруҳида 3 июль куни туман ҳокими ва унинг биринчи ўринбосарини беодоблик билан қасддан таҳқирлаган. Шунингдек, у туман ҳокими Ойбек исмли шахсдан деҳқон хўжалиги учун ер майдони ажратиб бериш эвазига пора сифатида 5 минг доллар, вилоят ҳокимлиги ходими томонидан тумандаги адирлик ҳудудидан 100 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 138 минг доллардан 58 минг долларни пора тариқасида олгани ва бошқа мазмундаги хабарлар ҳамда аудиоёзувларни Интернетга жойлаштирган.
Қайд этилишича, тергов жараёнида «Адолат» социал демократик партияси аъзоси, туман ҳокимлигига қарашли «Халқпарвар» комиссиясининг раиси, 3-узун кўча сайлов округидан депутатликка номзоди кўрсатилган Пармонов Ойбек Анварович 2019 йилда Халқ депутатлари Хўжаобод тумани кенгаши депутати этиб сайлангани маълум бўлган. Шунингдек, 2021 йил 16 июлда Халқ депутатлари туман кенгашига депутат О.Пармоновни жиноий жавобгарликка тортиш ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик олиш тўғрисида тақдимнома киритилган. Халқ депутатлари туман кенгашининг 19 июлдаги қарори билан депутат О.Пармонов дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган ва бу ҳақдаги ҳужжатлар туман прокуратурасига 23 июлда келиб тушган.
Хабар қилинишича, 23 июль куни О.Пармонов айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, ҳимоячиси иштирокида айбланувчи тариқасида сўроқ қилиниб, «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши 26 июлда суд мухокамасига юборилган. Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман судида 8 сентябрда ўтказилган суд жараёнида туман ҳокими З.Ахмадалиев фуқаро О.Пармоновга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирган. Жабрланувчи И.Тешабоев эса 2021 йил 14 июлда вафот этгани сабабли унинг қонуний вакили онаси Н.Ғозиева ҳам ҳеч қандай даъво эътирозлари йўқлигини маълум қилган.
Таъкидланишича, Халқ депутатлари Хўжаобод тумани кенгашининг тегишли қарори билан, туман прокуратурасининг тақдимномаси инобатга олиниб, Пармонов Ойбек Анваровичга нисбатан, Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми «а,г» бандлари ва 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани сабабли — депутатни жиноий жавобгарликка тортишга ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик берилган. Жиноят ишлари бўйича туман судининг 9 сентябрдаги ҳукмига кўра О.Пармонов Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари ва 140-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 139-моддаси 3-қисми «а,г» банди билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима 140-моддаси 2-қисми билан 40 баравари миқдорида жарима, 59-модда тартибида 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Аввалроқ Депутат Тошкент вилояти ҳокимини судга бергани рад этилганди. Шунингдек, Халқ демократик партияси Сурхондарёда калтакланган депутат иши бўйича муносабат билдирган.
