Қамчиқ довонида 9 октябрь куни 20 тонна узум ортилган юк машинаси темир тўсиққа урилиб, йўл ўртасида тўхтаб қолди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Маълум бўлишича, воқеа соат 07:30 да Наманган вилоятидан ўтган Тошкент–Ўш йўлида содир бўлган. 1983 йилда туғилган ҳайдовчи К.Р. «MAN» юк автомобилида ҳаракатланаётиб, 234-километрга етган вақтда бошқарувни йўқотган. Оқибатда транспорт воситаси қарама-қарши оқимни ажратувчи тўсиққа урилган ва йўлнинг ҳаракат қисмига халақит берадиган даражада тўхтаган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот беришича, қутқарувчилар махсус техникалар ёрдамида соат 13:30 да ҳодисани тўлиқ бартараф этиб, йўл-патруль хизмати ходимлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаган. Қайд этилишича, юк машинаси 20 тонна узум билан ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда қўшимча суриштирувлар олиб борилмоқда.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати
Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Аввалроқ Қамчиқ довонида 4 машина иштирокида тўқнашув содир бўлгани ва «тормоз»и бузилган юк машинаси ағдарилиб кетгани хабар қилинган.