Рус ёзувчиси, публицисти ва маълум маънода сиёсатчи Александр Солженицинга 1970 йил 10 октябрь куни адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофоти топширилган эди. Солженицин шахси ва асарлари бўйича кўплаб қарама-қарши фикрлар мавжуд. Сана муносабати билан «Bugun.uz» ёзувчичининг ҳаёти билан боғлиқ ҳодисаларга тўхталиб ўтади.

Фото: «AFP» 

1918 йилнинг 11 декабрида Кисловодскда дунёга келган Александр Солженицин болалигиданоқ анча қийинчиликларни бошидан кечиради. Отасиз катта бўлиш, оиланинг бошқа жойга кўчиб ўтиши, камбағалликда яшаш кабиларни бошидан кечирган ёш Солженицин мактабда пионерлар сафига киришни истамагани ва бошқа сабаблар туфайли тенгдошлари томонидан доимий мазах қилинади. Мактабда ўқиб юрган вақтидаёқ эсселар ёзишни бошлаган Солженицин мактабни олтин медаль билан тугатади. 1941 йилда бошланган уруш Солженицинни ҳам бефарқ қолдирмайди. Фронтга йўл олган ёзувчи дастлаб ҳарбийлар тайёрлаш мактабида ўқийди. Мактабни тугатиб лейтенант даражасини олган адиб ўзининг урушдаги хизмати вақтларини шундай эслайди:

«Ҳатто фронтда ўлим ҳаммамизни тенглаштирган вақтда ҳам, менинг ҳокимиятим менга устунлик берар эди. Нега оддий аскарга мумкин эмас-у, менга мумкин дея ўйлаб ўтирмай, печенье ва офицерча сариёғимни ердим».

Фронтдан дўсти Николай Виткеевич билан олиб борган ёзишмаларида Сталин олиб бораётган сиёсатга қарши экани, мактубларда Сталинни ҳақорат қилгани, сталинча тартибни крепостнойлик ҳуқуқлари билан солиштиргани учун айбланиб қамоққа олиниб, лагерга жўнатилади. Лагерларда юрган вақтида адиб кўплаб асарлар ёзади, жумладан, Қозоғистондаги лагерда юрган вақтида кўрган кечирганлари «Иван Денисовичнинг бир куни» асари учун асос бўлиб хизмат қилади. 1952 йилнинг қишида соғлиги ёмонлашгани туфайли лагерда жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган адиб, 1954 йилда Тошкентда  ҳам даволанади.

Солженицин 1956 йилда озод этилгач 1957 йилга келиб реабилитация қилинади. Озодликка чиққан Солженицин ўзига катта машҳурлик олиб келган «Иван Денисовичнинг бир куни» ҳикоясини ёзди. Кўплаб машҳур ёзувчилар, жумладан, Чуковский, Твардовский, Паустовский ва Маршак юқори баҳолаган бу ҳикояда илк бора рус лагерлари борича кўрсатилган эди. Асар бир маҳбус тимсолида Сталин репрессиясига учраган барча маҳбусларнинг бир куни ҳақида ҳикоя қилади. Асар нашр этилишида Никита Хрушёв ҳам муҳим роль ўйнайди. Айнан у асарни политбюро цензурасидан ўтқазиб, «Новый мир» журналида чоп этилишига сабабчи бўлади.

Фото: «Sortiraparis.com» 

Асар нашр этилиши билан дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинади ва адибга катта шуҳрат олиб келади. Асарни ўқиб чиққан собиқ маҳбуслардан Солженицинга хатлар кела бошлайди ва айни шу хатлар «ГУЛАГ архипелаги» асарини ёзилишига туртки бўлади. Солженицин ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, унинг матнларида бадиий адабиёт ва тарихий хроника моҳироналик билан аралаштириб юборилади-ки китобхон иккисини бир-биридан ажрата олмай қийналади. «ГУЛАГ архипелаги» асари юқорида айтилган фикрни ўзида яққол намоён этади.

Шунинг учун ҳам Солженициннинг ўзи ушбу асари жанрига «бадиий тадқиқот» дея таъриф беради. Адиб 6 йил умрини сарфлаган бу романида Совет тузумини очиқдан очиқ танқид остига олади. Асарда Сталин репрессиясига учраган маҳкумларнинг аянчли аҳволи, очлиги, қийинчилиги ва кунига 12 соатдан ишлаётгани, аммо шундай оғир шароитларда ҳам инсонийлик қиёфасини йўқотмагани ҳақида ҳикоя қилинади. Асарнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири асарда ёзилган барча одамлар, жойлар, воқеалар ҳаммаси реал ҳаётда қандай бўлса борича ёзилган. Бу асар 1973 йилда Парижда нашр этилди.

Охирги пайтларда Хрушёвнинг ёрдамини йўқотган адиб, ҳокимият тепасига Леонид Брежнев келгач асарларини қонуний нашр эттириш имконини йўқотди. Шу давр мобайнида ҳам Солженицин ўз фаолиятини тўхтатмади, ижод қилди, чет эллик журналистларга интервью берди, олий ўқув юртларида маъруза ўқиди. Унинг чет эллик журналистларга интервьюлар бериши ҳам Совет ҳукуматида Солженицин ҳақида ғарб жосуси деган фикр пайдо бўлишига олиб келди.

Фото: «Getty Images» 

1970 йилга келиб Солженицин номзоди адабиёт бўйича Нобель мукофотига илгари сурилди, якунда мукофотга 75 номзод ичидан «Рус адабиётининг ўзгармас анъаналарига амал қилган маънавий куч учун» деган сабаб билан Солженицин номзоди танланди. Адиб Нобель мукофотига лойиқ кўрилгандан сўнг газеталарда унга қарши очиқ хатлар кўпайиб кетди, унга «ватан хоини» дея қараганлар кўп бўлди. Совет ҳукумати эса Солженицинга мамлакатни тарк этишни буюрди, аммо адиб кетмади.

Бу вақт оралиғида КГБ томонидан Солженицинга кўплаб жиноий ишлар очилди, адиб жонига суиқасд ҳам уюштирилди. Сездирмасдан шприц орқали адиб танасига заҳар юборилди, лекин заҳарланиш ўлимга олиб бормади. 1974 йилда СССР Олий Кенгаши Президиуми Солженицинни «СССР фуқаролигига тегишли бўлмаган ва СССРга зарар етказадиган хатти-ҳаракатларни мунтазам равишда амалга оширгани учун» Совет фуқаролигидан маҳрум қилиб, Германия Федератив Республикасига депортация қилишга қарор қилди.

Солженицин мамлакатни тарк этгач СССР ҳукумати унинг ҳамма китоблари ва «Новый мир» журналининг унинг ҳикоялари чиққан сонларини ҳам барча жойдан йиғиб олиб, йўқ қилди. Фуқаролик ёзувчига 1990 йилга келиб СССР Президенти Михаил Горбачёв фармони билан қайтарилди. Ўша йилнинг сентябрь ойида Солженициннинг «Россияни қандай қурамиз» номли манифести эълон қилинди. У 27 миллион нусхада сотилди.

СССРда ёзувчи асарлари 80-йилларнинг охиридан бошлаб нашр этила бошланди. Солженицин 1994 йилда рафиқаси Наталя Светлова билан Россияга қайтди. Қайтгандан сўнг Солженицин яна сиёсий чиқишлар ва журналистлар билан интервьюлар ўтказа бошлади. Фақат аввалги сиёсий чиқишларидан фарқли равишда адиб бу чиқишларида ғарбни танқид қила бошлади. Шундан келиб чиқиб яна Солженицин шахсига нисбатан қарама қарши фикрлар пайдо бўлди. Кимдир адибнинг фикрларига қўшилса, кимдир уни иккиюзламачи, вазиятга қараб ўзгарувчи киши сифатида баҳолар эди. Бунинг сабаби узоқ вақт давомида Совет ҳукуматини танқид қилган, шу туфайли юртидан қувғин бўлган инсон юртига, қулай шароитга қайтгач тўсатдан ғарбни танқид қилишга ўтиб кетиши шубҳали кўринарди.

Фото: «AP» 

Лекин вазиятни чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, Сталин репрессиясига ва Совет ҳукуматига қарши бўлган Солженициннинг Россияни танқид қилишга асосли сабаби йўқ эди. Чунки Сталин тузуми ҳам, Совет ҳукумати ҳам энди йўқ эди. Бу учун адибни иккиюзламачи дея аташ хато бўлади, албатта. Александр Солженицин 2008 йили 90 ёшида вафот этди.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, адиб қандай сиёсий позицияга эга бўлишидан қатъий назар муҳим адабий мерос қолдирди. У адабиётга ўзгача услуб олиб кира олди, ўша давр лагерлари ҳақида ҳақиқат юзига тик боқиб ёза олди. Адиб ёзган баъзи ҳақиқатларни ҳаётнинг баъзи вазиятларида гувоҳи бўлар эканмиз, унинг ижод намуналари ҳали ҳануз долзарблигига амин бўламиз.

Мироншоҳ Ҳасанов тайёрлади