Тошкентда 5 та автомобиль иштирокида тўқнашув содир бўлди — видео
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 11 октябрь куни 5 та машина иштирокида тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz
Маълум бўлишича, воқеа соат 07:45 атрофида туманнинг Мустақиллик шоҳ кўчаси «Пушкин» метро бекати яқинида содир бўлган. Аниқланишича, «Captiva», «Жигули», «Lacetti», «Cobalt», «Spark» автомобилларининг оралиқ масофа сақламагани оқибатида тўқнашув юзага келган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисасида тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қамчиқ довонида 4 машина иштирокида тўқнашув содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда юк машинасининг тормози ишламай қолгани сабаб 5 та машина иштирокида ЙТҲ юзага келгани маълум қилинган.