Ўзбекистонга Туркиядан мамлакатда янги ҳисобланган «Синовак» вакцинасининг 200 минг дозаси келтирилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, томонлар ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида грант ёрдамига оид битим имзоланди. Унга кўра, Туркия Ўзбекистонга коронавирусга қарши 200 минг доза Хитойда ишлаб чиқарилган «Синовак» вакцинаси, шунингдек, 20 минг қути «Фавипиравир» дори препаратларини дўстлик ва хайрихоҳлик белгиси сифатида юборади.

Таъкидланишича, мамлакатга 6-турдаги вакцина олиб келинади ва бу бўйича битимни Ўзбекистон номидан мамлакатнинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев имзолаган. Маълумот ўрнида, ҳозиргача эмлаш жараёнларида 22 миллион 433 минг 729 доза вакцина қўлланилган бўлиб, 5,1 миллион нафардан ортиқ аҳоли вирусга қарши тўлиқ эмланган.

Аввалроқ Туркия Ўзбекистонга 200 минг доза коронавирус вакцинасини етказиб бериши хабар қилинган. Шунингдек, мамлактга ўзбек–хитой вакцинасининг 3 миллион дозаси келтирилгани маълум қилинган.