Сиз, албатта, маҳсулот харид қилганингизда унинг ёрлиғида қандайдир халқаро сертификатга мувофиқлиги ҳақидаги қайдни кўргансиз. Бу, масалан, ISO, IEC, TUV сингари ёзувлар билан қайд этилган бўлади. ЎзДСт ёки ГОСТ сингари миллий стандартлардан фарқли ўлароқ, халқаро стандартлар нафақат бир мамлакат ҳудудида, балки жаҳон миқёсида тан олиниши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, бу сингари халқаро стандартларни ишлаб чиқувчи техник кенгаш ва ҳайъатларга бутун дунё бўйлаб энг юқори савияли мутахассислар жалб этилиши боис халқаро стандартлар одатда жуда пухта мазмунга эга бўлади. Шунга яраша, мазкур стандартларнинг талаб даражаси юқори бўлиб, муайян маҳсулотнинг ўша стандартга мувофиқлиги унинг ўзига хос нуфузини ҳам белгилайди.

Фото: «Kindpng»

1970 йилдан бошлаб ҳар йили 14 октябрь бутун дунёда Халқаро стандартлар куни сифатида нишонланади. Ушбу сана бежизга танланмаган. 1946 йилнинг ушбу санасида Лондонда жаҳоннинг 25 мамлакатидан келган стандартлаштириш бўйича мутахассислар вакиллигида ўтган конференцияда Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти — ISO (International Standartization Organisation)га асос солинган эди.

Фото: «ISO»

1970 йилда эса ISO ташкилотининг ўша пайтдаги президенти туркиялик Фаррух Сунтернинг ташаббуси билан ташкилотга асос солинган санани халқаро байрам куни сифатида нишонлашга қарор қилинган. Бунда барча учун умумий бўлган халқаро стандартларнинг ҳозирги кишилик жамияти ҳаётидаги аҳамияти қанчалик катта эканига одамларнинг диққатини қаратиш ҳамда стандартлаштириш соҳасида фаолият юритиб, ўз маҳорат ва тажрибасини мазкур соҳа ривожига йўналтириб келаётган ўн минглаб мутахассисларнинг меҳнатини муносиб эътироф этиш мақсад қилинган.

Ташкилотчилар
Фото: «ISO»

Кейинчалик ушбу санага ISO ташкилотининг ўзидан ташқари Халқаро Электротехника Ҳайъати — IES (International Electrotechnical Commission) ҳамда Халқаро Телекоммуникация Иттифоқи — ITU (International Telecommunication Union) ҳам таъсисчи сифатида қўшилган.

Одатда ҳар йилги бу байрам санаси бирор долзарб мавзу билан боғлиқ шиор остида ўтади. 2021 йилги Халқаро стандартлар куни байрамининг шиори БМТнинг 2030 йилгача бўлган умумий тараққиёт марраларини кўзловчи Барқарор тараққиёт мақсадлари (Sustainable Development Goals) дастурига бағишланган бўлиб, «Барқарор тараққиёт мақсадлари учун стандартлар» — «Standards for SDGS» дея номланган.

Фото: «ISO»

Миллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш жаҳон бозорига чиқишда катта ёрдам берувчи омиллардан ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигига бўлган талабни кучайтиради. Халқаро стандартлар, шунингдек, харидорларнинг ҳам танловига таъсир қилади. Зеро, у ёки бу маҳсулотнинг муайян халқаро стандартга мувофиқлиги, харидорнинг ушбу маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларига бўлган ишончни орттиради. Шу нуқтаи назардан, халқаро стандартларга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, энг аввало, ишлаб чиқарувчининг ўзига фойда келтиради ва унинг экспорт салоҳиятини ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон ҳам 165 мамлакат қаторида ISO ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Ушбу ташкилотда мамлакат номидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги иштирок этади.

Сана муносабати билан «Bugun.uz» жамоаси номидан стандартлаштириш соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган барча мутахассисларни табриклаймиз.