14:29 | 12.10.21 3050

Фарғонада ноқонуний овланган 100 кг балиқ болалар уйига топширилди — фото

Ҳозирда браконьерларнинг шахсига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги сув омборидан ноқонуний равишда овланган 100 килограмм атрофидаги балиқ болалар ва кексалар саҳоват уйига топширилди. Бу ҳақда Экология ва атроф мухитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Ёзёвон туманида 11 октябрдан 12 октябрга ўтар кечаси Фарғона вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция ва Ёзёвон туман инспекцияси давлат экологик назорати рейд тадбири ўтказган.

Рейд давомида Марказий Фарғона сув омборига бир гурух овчилар томонидан узунлиги 2 минг метрдан ортиқ бўлган, тақиқланган балиқ овлаш анжоми хисобланган лескали тўрлар ташлангани аниқланган. Инспекторлар томонидан мазкур тўрлар тортиб олинганида ундан 100 килограмм атрофида балиқ чиққан.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, шу куннинг ўзида ноқонуний ов маҳсулоти бўлган балиқлар Фарғона шаҳрида жойлашган 1-сонли болалар уйи ва Саҳоват кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўйига топширилган. Ўз навбатида, сув омборига тортилган лескали тўрлар бошқарма омборига вақтинча жойлаштирилган, ҳозирда браконьерларнинг шахсига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Аввалроқ Ўзбекистонда қайси балиқ турлари кўп овланиши маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда айрим турдаги балиқларни етиштириш учун субсидия ажратилиши хабар берилган.