17:01 | 12.10.21 46

Ислом цивилизацияси маркази қурилишига қанча пул ажратилгани маълум бўлди

Лойиҳани қурилиш вазирининг қариндошларига тегишли корхона амалга оширмоқда

Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиши учун тахминан 1 триллион 723 миллиалрд сўм ажратилиши маълум бўлди. Бу ҳақда «davletovuz» Telegram канали хабар берди.

Ислом цивилизацияси маркази қурилиши, 2019 йил
Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, лойиҳани қурилиш вазири Ботир Закировнинг қариндошлари қисман эгалик қиладиган компания амалга оширишни бошлаган. Марказ қурилиши учун ажратилган маблағ Марказий банк курси билан ҳисобланганда 161,5 миллион долларни ташкил қилади.

Қурилиш билан шуғулланаётган «Трест–12» акциядорлик жамияти улушига Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан бирга қурилиш вазири Ботир Закировнинг қариндошлари қисман эгалик қилади. 
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона мижозга хизмат кўрсатиш» инжиниринг компанияси 2019 йил 9 июлда «Трест–12» АЖ билан 207,82 миллиард сўмга баҳоланган шартнома тузган. Унда Тошкент шаҳридаги Шароф Рашидов шоҳ кўчасида жойлашган (Мустақиллик майдони ёни) маъмурий бинони таъмирлаш ва фаввора остида автотураргоҳ қуриш ишлари 431,5 миллиард сўмга баҳоланган. Лойиҳани 2020 йил 31 декабргача якунлаш ва уни амалга оширишни тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган. 2021 йил 29 мартда «Трест–12» билан қўшимча шартнома имзоланган. Унга кўра, қурилиш қиймати 431,52 миллиард сўмгача кўтарилган.

Таъкидланишича, «Трест–12» компанияси 1994 йил 7 декабрда рўйхатдан ўтган. Асосий фаолияти яшаш учун мўлжалланмаган бинолар қуриш ҳисобланади. «Трест–12» акциядорлик жамиятининг бошлиғи сифатида Фахриддин Назиров кўрсатилган. Шунингдек, таъсисчилар қаторига Тошкент шаҳар ҳокимлиги (51,1 фоиз), Зокирова Муаззам Саидаҳматовна (19,1 фоиз), Зокиров Жасур Ботирович (14,1 фоиз), Зокирова Муҳайё Октябревна (13,1 фоиз) ва яна 12 киши (2,6 фоиз) киради. «Газета.uz» хабарига кўра, Жасур Зокиров ва Муҳайё Зокирова қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқаси ҳисобланади. Унинг ўзи ҳам 2019 йил июль ойида «Трест–12» акциядорлари рўйхатига киритилган.

Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биносини ташқи ишлар вазирининг ўғлига тегишли компания сотиб олгани маълум бўлганди.