Наманган шаҳрида 3 октябрь куни «Spark» автомашинасини бошқараётган шахс пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, воқеа шу куни соат 07:20 ларда Баҳор МФЙ Шоҳимардон кўчасида содир бўлган. «Spark» автомобилини 1993 йилда туғилган фуқаро бошқарган ва у ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўл четида кетаётган 1952 йилда туғилган пиёдани уриб юборган.

Ҳодиса оқибатида пиёда бош мия оғир ёпиқ шикасти, мияга қон қуйилиши, бош мия чап яримшари чакка бўлаги ўткир чегараланган депидурал гематомаси, бош мия иккала яримшарларини кўплаб гемарагик ўчоқлик лат ейиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, бемор 10 октябрь куни шифохонада вафот этган. Мазкур ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Наманганда 9-синф ўқувчиси «Nexia»да «Matiz» билан тўқнашгани маълум қилинганди. Шунингдек, Наманганда «Damas» велосипедчини уриб юборгани хабар берилган.