Наманган туманида тадбиркорларни қўрқитиб, улардан пул олиб турган 55 ёшли аёл қўлга олинди. Бу ҳақда «Янги давр» кўрсатувида хабар қилинди.

Кадр: Telegram / @Yangidavr_rasmiy

Маълум бўлишича, аёл тумандаги хусусий корхона раҳбарига бемалол тадбиркорлик қилиши учун ҳар ойда 200 доллар бериб туришини айтган. Агар бермаса, унинг устидан ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилишини айтиб, қўрқитган ҳамда июль ойида ун маҳсулоти ҳисобида 3 миллион 600 минг сўм, август ойида эса 100 доллар ва 200 минг сўмни олган.

Бундан ташқари, туманда яшовчи яна бир фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Унда туман ҳокимлиги ажратган ерда боғча қургани, бироқ ўша аёл боғча фаолиятига қаршилик қилиб, туман ҳокимининг ер ажратишга ҳаққи йўқлигини айтгани ва 5000 доллар талаб қилгани баён этилган. Аризага асосан вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Қайд этилишича, аёл тадбир иштирокчисидан кимёвий ишлов берилган 4900 доллар олаётган вақтда ушланган. Аниқланишича, у аввал ҳам 3 марта судланиб чиққан. Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сирдарёда тадбиркорни жарима солиш билан қўрқитиб, 5 минг доллар пул талаб қилган мансабдор ушлангани ва Наманганда қаматиш билан қўрқитиб, 19 ёшли қиздан мунтазам пул ундириб келган аёллар суд қилингани хабар қилинган. Шунингдек, Наманганда узум экспорт қилишни айтиб, тадбиркордан 9800 доллар олган шахс ушланганди.