Шавкат Мирзиёев Бухорога ташриф буюрди — фото
Давлат раҳбари сафарини Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошлади
Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилган. Қуръон тиловат этилиб, Аллоҳ таолодан тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо қилинган. Президент ва уламолар суҳбатида илмнинг аҳамияти, ёшлар тарбияси ҳақида сўз борган.


«Бухоро — азалдан илм, маънавият маркази. Қадимда бу ерда 30 дан ортиқ олий мадраса бўлган. Ҳеч қаердан бунча кўп уламо чиқмаган. Бугун ҳам ёшлар тарбиясида, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда Бухоронинг ўз ўрни бор», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, давлат раҳбари зиёратгоҳларни ва уларга олиб борадиган йўлларни обод қилиш, ички туризмни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган. «Зиёрат халқимизнинг аждодларга бўлган ҳурматини, ёшлар дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилади. Шунинг учун бу ерга бошқа ҳудудлардан янги йўналишлар очиб, ёшларни олиб келиш, билимини ошириш муҳим», — деди Президент.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюргани ва Қарши шаҳридаги Президент мактабига боргани хабар қилинган.