Шавкат Мирзиёев Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактаби фаолияти билан танишди
Президент ташриф давомида мактаб жамоаси билан суҳбатлашди
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактаби фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, бу муассаса 2009 йилда ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби шаклида ташкил этилган. У яқин-яқингача замонавий шароитга эга бўлмаган. Аммо бу ерда йўлга қўйилган ўзига хос таълим услуби оддий қишлоқ мактабини мамлакат даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирган. Қайд этилишича, уч йилда мактаб битирувчиларининг барчаси олий ўқув юртларига ўқишга кирган ва халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олган. Мактабда мамлакатнинг барча ҳудудидан ўқувчилар келиб ўқиётгани таъкидланган.
Мактаб Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги қарори билан Халқаро математика мактаби сифатида қайта ташкил этилган. Собиқ касб-ҳунар коллежи биноси капитал таъмирланиб, мактаб ихтиёрига берилган. Бу ерда 64 та хона, спорт зали, кутубхона жиҳозланган ва ўқувчилар учун ётоқхона қурилган. Айтилишича, мактабга ўқувчилар иқтисодиёт, техника ва табиий фанлар бўйича Давлат тест маркази тестлари асосида 7-синфдан қабул қилинади. Ҳозирда мактабда 470 нафар ўғил-қиз ўқийди. Уларга 60 нафардан зиёд малакали ўқитувчилар дарс беради.
Президент ташриф давомида мактаб жамоаси билан суҳбатлашган. «Ҳамма соҳаларда катта ислоҳотларни бошладик. Хориждан энг замонавий технологияларни олиб келяпмиз. Улардан фойдаланиш учун илм, салоҳиятли кадрлар керак. Сизлар қанчалик билимли бўлсангиз, бошлаган ишларимиз самарали бўлади, давлатимиз шунча ривожланади. Таълим ва муаллимларга доимий эътибор қаратамиз», — деган Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда халқаро математика мактабининг тажрибасини оммалаштириш, IT мутахассислар тайёрлашга доир лойиҳалар тақдимот қилинган.

Аввалроқ Президент Қашқадарёдаги «Қатағон қурбонлари хотираси» музейига борганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Бухорога ташриф буюргани хабар қилинган.