Янгиликлар - 10:31 · 12.10.2021

«Толибон» аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда берди

«Толибон» ҳаракати Афғонистонда аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва уларга ўқиш ҳамда ишлаш имкониятини яратишга ваъда берди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид нутқига таяниб, «Известия» хабар берди.

Фото: «Al Arabiya»

Мужоҳиднинг сўзларига кўра, мамлакатда инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари Ислом динига мувофиқ ҳимоя қилинади.

«Биз бунга ваъда берамиз, лекин бошқа давлатлар ва ташкилотлар бизга босим ўтказмаслиги керак, чунки биз ҳали ҳам қоидалар ишлаб чиқяпмиз, тизимни қайта қурмоқдамиз. Шундай экан, давлатимизни тан олмайдиганлар бизга босим ўтказиб, нима қилиш кераклигини ҳал қилмасин. Лекин биз жаҳон ҳамжамиятини инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва тўғри йўналишда ҳаракат қилишимизга ишонтирамиз. Келгусида уларнинг хавфсизлигига жавоб берамиз ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлаймиз», — деган ҳаракат вакили.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги аёллар таълим олиш ҳуқуқига эга, шунингдек, муайян қоидаларга риоя қилган ҳолда ишлашлари мумкин.

«Толибон» ҳаракати Афғонистон халқ қўшиқчисини ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ҳаракат Ғазни вилояти радиосида аёлларнинг ишлашини тақиқлагани маълум қилинган.