Тошкент вилояти Зангиота туманидаги мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Қайд этилишича, 12 октябрь куни соат 15:08 атрофида туманнинг Чиғатой Оқтепа маҳалласи Тошкент халқа автомобиль йўлида жойлашган мебель цехида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра, 7 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 15:16 да етиб бориб, ёнғин соат 15:25 да қуршаб олинган ва соат 16:07 атрофида батамом ўчирилган.

Маълум қилинишича, ёнғин оқибатида цехнинг тахминан 170 квадрат/метр майдонда томи, шифти ҳамда ички жиҳозлари ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Аввалроқ Тошкентдаги уйда содир бўлган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, Тошкент вилоятида бир-бирига туташ уйлар ёниб кетгани ва Намангандаги уйларнинг бирида ёнғин содир бўлгани хабар қилинган.