Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 31 сентябрь куни йўл-патруль хизмати ходими устига машинасини ҳайдаган йигит ўқ узиб тўхтатилди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалидаги лавҳада хабар берилди.

Кадр: «Тошкент» телеканали

Маълум бўлишича, Қашқадарёдан келган 4 нафар аёлни олиб кетаётган «Nexia-2» автомобили йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан 4 марта тўхтатилган. Шунга қарамай ҳайдовчи йўл-патруль ходимларини четлаб ўтган ва ҳаракати давомида бошқа машинага зиён етказган. Ҳаракат тўлиқ чеклангандан кейин йигит машинани йўл-патруль хизмати ходими устига ҳайдаган. Шундан сўнг катта сержант Отабек Исмоилов ўзидаги қурол билан ўқ узишга мажбур бўлган.

Қайд этилишича, машина тўхтатилгач унинг ичидаги аёллар инспекторнинг бодикамера ва алоқа воситасини олиб кўчага улоқтирган. Шунингдек, улар ходимнинг «погон»ини юлиб олган. Воқеага гувоҳ бўлган фуқаролар аёлларни тинчлантиришда инспекторга ёрдам берган. Улар инспектор аёлларга нисбатан куч ишлатмаганини таъкидлаган.

Суриштирувлар натижасида, автомобиль қидирувда бўлгани ва машина тўхтатилган вақтда салонда ортиқча йўловчи бўлгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Аёллардан эса муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олинган.

Аввалроқ Тошкентда фуқаролар йўл-патруль хизмати ходимига қаршилик кўрсатиб, жанжал кўтарганди. Шунингдек, Сурхондарёда йўл-патруль хизмати ходимини машинасида судраб кетган ҳайдовчи қамоққа олинган.