Ҳукумат билан зиддият оқибатида оммага кўринмай қолган Alibaba group асосчиси хитойлик миллиардер Жек Манинг қаерда экани маълум бўлди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «City AM»

Икки манбанинг «Reuters»га айтишича, Жек Ма ҳозирда Гонгконгда бўлиб, ўтган ҳафта бир нечта бизнес ҳамкори билан учрашган.

Агентликнинг билдиришича, хитойлик миллиардер 2020 йил октябрь ойида Шанхайда Хитойнинг молиявий назоратчиларини танқид қилганидан кейин оммага кўриниш бермай қўйган. 2021 йил бошидан буён эса мамлакатда бўлиб ўтган бир қанча тадбирда иштирок этиб, мамлакатни тарк этишига тақиқ қўйилгани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритган.

Эслатиб ўтамиз, Жек Ма 2020 йилнинг кузида Хитой ҳукуматининг танқидидан сўнг жамоатчилик кўзидан ғойиб бўлган. Ҳукумат кейинчалик унинг компанияси акцияларини сотишни тўхтатган.

Аввалроқ Хитой ҳукумати Alibaba’ни рекорд миқдорда жаримага тортгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Alibaba рақобатчиси Хитойнинг энг йирик онлайн сотувчисига айлангани маълум қилинган.