Андижон вилояти Булоқбоши тумани ҳокимлиги ҳудудда номаълум эркак иккита тахтадан кўприк ясаб, ундан ўтишни пулли қилиб қўйгани бўйича хабарга изоҳ берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда «Булоқбошида пуллик кўприк пайдо бўлибди» сарлавҳаси билан хабар тарқалган. Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам 2021 йилнинг июль ойидаги табиий офат туфайли Аравонсой кўприги авария ҳолатига келган ва кўприкдан ўтиш тўхтатилган. Ҳозирда кўприкни қуриш ва таъмирлаш ишлари бошланган.

Қайд этилишича, Бозорбоши маҳалласи Чилонзор кўчасида яшовчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам судланган, фуқаро Х.Н.Исманов 2021 йил 10 октябрь куни ўзини ноқонуний хатти-ҳаракати билан сойга 2 та ёғочдан иборат кўприк ясаб, одамларни 1000 сўм эвазига ўтказиб қўйишни йўлга қўйган. Унинг ноқонуний ҳаракати Булоқбоши тумани судида кўриб чиқилган. Натижада эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 200-моддалари билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Наманганда тадбиркорлардан «доля» олиб турган 55 ёшли аёл ушланганди. Шунингдек, Наманганда қаматиш билан қўрқитиб, 19 ёшли қиздан мунтазам пул ундириб келган аёллар суд қилинган.