Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги идораси Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам етказиб беради. Бу ҳақда ташкилот веб-сайтида хабар қилинди.

Фото: «Getty Images»

Таъкидланишича, идора яқин кунларда гуманитар ёрдам билан 3 та самолётни Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига юборишни режалаштирган. Қайд этилишича, гуманитар ёрдам юк машиналари билан Хайратон чегара назорат-ўтказиш пункти орқали Мозори Шарифга етказилиши кўзда тутилган. Биринчи шундай самолёт октябрь ойининг ўрталарида Термизга етиб келиши хабар берилган.

Маълум қилинишича, Олий комиссарлик идораси вакили Бабар Балох айни пайтда Кобулда бўлиб, идора Афғонистон билан чегарадош мамлакатларда юз минглаб қочоққа шошилинч ёрдам кўрсатиш учун логистика марказлари ташкил этиш устида ишламоқда.

«Кечаси жуда совуқ. Уйсиз қолган одамлар шошилинч ёрдамга муҳтож», — дейди Балох. Унинг сўзларига кўра, ёрдамга муҳтож афғонистонликлар сони 20 миллионга етган ва ҳар куни ўсишда давом этмоқда.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати ҳеч қандай шартларсиз гуманитар ёрдам қабул қилинишини айтганди. Шунингдек, ҳаракат расмий вакили Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирган.