Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Биз бу дайжестни тайёрлагунимизгача Ўзбекистон аҳолиси деярли икки мингга кўпайди. Мамлакатда аҳоли сони ҳар куни ўртача 1,9 минг кишига ошмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Давлат статистика қўмитасига кўра, Ўзбекистон аҳолиси йил бошидан буён ҳар ойда ўртача 57 минг 811 кишига кўпайган. 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони 35,1 миллион кишини ташкил этмоқда, йил бошидан бери 670,7 минг туғилиш қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,9 минг кишига ошгани маълум бўлган.

Водийнинг икки вилоятидан ўрнак олиш керак бўлган (ва бўлмаган) икки хабар: Наманганда Меҳрибонлик уйи ходими 5 нафар тарбияланувчини фарзандликка олди, Андижонда эса эркак иккита тахтадан «кўприк» ясаб, ундан ўтишни 1000 сўм қилиб қўйди.

Янги Наманган туманидаги Меҳрибонлик уйи 5 нафар тарбияланувчисининг кўп йиллик орзуси амалга ошди — улар ўз оиласига эга бўлди. Уларни кўп йиллардан буён мана шу муассасада меҳнат қилиб келаётган Феруза Абдураҳмонова асраб олди. «Bugun.uz» мухбири уларнинг эски ва янги хонадонларидан репортаж тайёрлади. Яхшиси, ўзингиз кўрганингиз маъқул.

Андижон хабарларига ўтамиз. Вилоятнинг Булоқбоши туманида эркак иккита тахтадан кўприк (кўприк деб бўлса, албатта) ясаб, ундан ўтишни пулли қилиб қўйди. У етти суткага қамалди.

Туман ҳокимлигининг изоҳига кўра, июль ойидаги табиий офат туфайли Аравонсой кўприги авария ҳолатига келган. Вазиятдан фойдаланган Бозорбоши маҳалласи Чилонзор кўчасида яшовчи «шустрий» эркак кўприк ясаб, пул ишлашни бошлаган. Ҳозирда ушбу «пулли кўприк»нинг «фаолияти» тўхтатилиб, ўрнига янгисини қуриш бошланган. Энди буниси пулли бўлмайди. Бир томондан олиб қараганда, барибир пулли бўлади, чунки янги кўприк давлат бюджетидан қурилади.

Эркак ҳам жазосиз қолмади, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 200-моддалари (Ўзбошимчалик) билан айбдор деб топилиб, 7 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Қайси хабардан қандай ўрнак олиш эса ўз ҳукмингизга ҳавола, бизни тушундингиз. «Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдиновнинг ушбу «тадбиркор»га атаб чизган карикатурасини ҳам кўришингиз мумкин.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кам ёши 13 дан 14 га оширилади. Президентнинг 2021 йил 9 августдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кам ёшини ўн тўрт ёш қилиб белгилаш таклиф этилганди. Қонунчилик палатасида Жиноят кодексига ўзгартириш киритишга доир қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Фото: «Bugun.uz»

Бу ҳақда хабар берган депутат Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, ушбу ўзгариш инсонпарварлик йўлида яна бир қадам бўлади. «Айтиш керакки, мазкур ўзгаришлар инсонпарварлик йўлидаги яна бир қадам, дейиш мумкин», — дейди депутат.

БМТ Ўзбекистондан Ҳайратон кўприги орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам етказиб беради. Ушбу ёрдам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги идораси томонидан амалга оширилади.

Фото: «Getty Images»

Идора яқин кунларда гуманитар ёрдам билан 3 та самолётни Термиз шаҳрига юборишни режалаштирган. Сўнг у юк машиналари билан Ҳайратон чегара назорат-ўтказиш пункти орқали Мозори Шарифга етказилиши кўзда тутилган. Биринчи шундай самолёт октябрь ойининг ўрталарида Термизга етиб келиши ҳақида хабар берилган.

«Бундан 2 йил аввал мен ‘Толибонʼ раҳбарияти билан музокаралар олиб борганимда ҳамма ҳайрон бўлганди». Шавкат Мирзиёев яна Афғонистон масаласига тўхталди.

Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи давомида 2 йил аввал «Толибон» ҳаракати билан олиб борилган музокаралар ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, давлат раҳбари бундан 2 йил аввал толиблар билан музокаралар олиб борган ва бунга ҳамма ҳайрон бўлган.

«Афғонистондаги вазиятни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Қўшни танланмайди, қўшнимизда вазият ёмон, деб қаергадир кўчиб кета олмаймиз-ку. Бундан 2 йил аввал мен ‘Толибон’ раҳбарияти билан музокаралар олиб борганимда ҳамма ҳайрон бўлганди. Лекин бугунги кунга келиб тўғри йўл танлаганимиз маълум бўлди. Мен тинчлик бўлиши, жафокаш афғон халқига ҳам енгиллик бўлиши учун аввалги раҳбарияти билан бир йилда 6 марталаб учрашдим, гаплашдим.

Албатта, ҳамма давлат раҳбари биринчи навбатда ўз давлати ҳақида ўйлайди. Мен ҳам биринчи навбатда ўз халқимни ўйлашга мажбурман, менга кафолатланган тинчлик керак. Бирорта ўқ отилмайдиган, барча масалалар музокаралар билан ҳал бўладиган тизим керак», — дейди Президент. 

Туркия ваъда қилган 200 минг доза «Sinovaс» вакцинаси Ўзбекистонга етиб келди. Шундай қилиб, Ўзбекистонда эмлаш жараёнларида фойдаланилаётган жами вакцина 28 миллион 673 минг 528 дозани ташкил қилмоқда. Ушбу вакцина қандай қўлланилиши ҳақида қисқача қуйидаги карикатурада (ҳазил, албатта):

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

У топилди. Хитой ҳукуматини танқид қилганидан сўнг ғойиб бўлган Жек Ма Гонконгда экани маълум бўлди. Ҳукумат билан зиддият оқибатида оммага кўринмай қолган Alibaba group асосчиси хитойлик миллиардер Жек Манинг қаерда экани маълум бўлди.

Фото: «City AM»

Икки манбанинг «Reuters»га айтишича, Жек Ма ҳозирда Гонконгда бўлиб, ўтган ҳафта бир нечта бизнес ҳамкори билан учрашган. Агентликнинг билдиришича, 2021 йил бошидан буён мамлакатда бўлиб ўтган бир қанча тадбирда иштирок этиб, мамлакатни тарк этишига тақиқ қўйилгани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритган.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат махсус кучларининг ҳарбий тайёргарлигини томоша қилди. Сиз эса унинг видеосини томоша қилинг.

Ҳарбийларнинг чиқиши 11 октябрь куни Пхеньяндаги ҳарбий кўргазманинг очилиш маросимида бўлиб ўтган. Жараёнда ҳарбийлар боши билан ғиштларни синдириб, михлар устига ётган. Бундан ташқари, ҳарбийлар қўллари билан темирларни букиш қобилиятини намойиш этган. Видео мамлакатнинг марказий телеканали орқали эфирга узатилган.

Кўргазманинг очилиш маросими қирувчи самолётларнинг намойиши билан давом этган. Шундан сўнг мамлакат раҳбари атрофидагилар билан биргаликда кўргазмани, жумладан, танклар ва ракета отиш мосламаларини кўриб чиққан. Ким Чен Ин кўргазма очилишида КХДР АҚШ ёки Жанубий Кореяга таҳдид солиш учун эмас, балки урушдан ҳимояланиш учун ўз мудофасини кучайтираётганини таъкидлаган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.