Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат махсус кучларининг ҳарбий тайёргарлигини томоша қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Маълум қилинишича, ҳарбийларнинг чиқиши 11 октябрь куни Пхеньяндаги ҳарбий кўргазманинг очилиш маросимида бўлиб ўтган. Жараёнда ҳарбийлар боши билан ғиштларни синдириб, михлар устига ётган. Бундан ташқари, ҳарбийлар қўллари билан темирларни букиш қобилиятини намойиш этган. Видео мамлакатнинг марказий телеканали орқали эфирга узатилган.

Кўргазманинг очилиш маросими қирувчи самолётларнинг намойиши билан давом этган. Шундан сўнг мамлакат раҳбари атрофидагилари билан биргаликда кўргазмани, жумладан, танклар ва ракета отиш мосламаларини кўриб чиққан.

Ким Чен Ин кўргазма очилишида КХДР АҚШ ёки Жанубий Кореяга таҳдид солиш учун эмас, балки урушдан ҳимояланиш учун ўз мудофасини кучайтираётганини таъкидлаган.

Аввалроқ Ким Чен Иннинг қарори Шимолий Кореядаги келишмовчиликларни кучайтиргани хабар берилганди. Шунингдек, у Япония судига чақирилган.