Янги Наманган туманидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг 5 нафарини муассаса ходими ўз қарамоғига олди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг Намангандаги мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, туманда жойлашган 26-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Лариса Трошенкова, Азизбек Отақулов, Озодбек Насриддинов, Элмурод Носиров ва Мухтор Абдулҳамидовларнинг бугун кўп йиллик орзуси амалга ошди. Болалар ўз оиласига эга бўлди. Уларни кўп йиллардан буён мана шу муассасада меҳнат қилиб келаётган Феруза Абдураҳмонова асраб олди.

«Меҳрибонлик уйида 8 йилдан бери ишлайман, бу ердаги ҳар бир бола ўз фарзандимдек бўлиб қолган. Жорий этилган янги тизим асосида Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ҳар бир бола оилалар қарамоғига берилди. Уларни ҳар бирини кузатар эканмиз, бир томондан қувондик, бир томондан юрагимизнинг бир парчасини бериб юборгандек бўлдик. Ўзим ҳам болаларни асраб олишни дилимга тугдим. Турмуш ўртоғимга ниятимни айтганимда қўллаб-қувватлади, 1 қиз, 4 ўғилни оиламиз бағрига олдик», — дейди Феруза Абдураҳмонова.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, айни пайтда Феруза турмуш ўртоғи Зоҳид Исманбоев билан бирга 3 фарзандни — Фотима, Ҳусан ва Фахрияни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Бугун уларнинг 3 фарзанди 8 нафарга етди.

«Аёлим кўп йиллар давомида Меҳрибонлик уйида ишлагани учун бу болаларга меҳри тушиб қолганди, уларни кўпинча уйимизга ҳам олиб бориб турарди. Болаларни қарамоғимизга олиш таклифини айтганда, тўғриси, аввалига иккиландим. Кейин маслаҳатлашиб, болаларни фарзандликка олдик, бу қароримиздан оиламиз, яқинларимиз ҳам хурсанд бўлди. Худо хоҳласа, фарзандларимизни эл-юрт корига ярайдиган яхши инсон қилиб вояга етказишга ҳаракат қиламиз», — дейди Зоҳид Исманбоев.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, шу пайтга қадар 26-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 72 нафар боланинг барчаси ўз оиласига эга бўлган. Меҳрибонлик уйи фаолияти эса тугатилган.

Аввалроқ Наманганда оила Меҳрибонлик уйининг 3 нафар тарбияланувчисини ҳамда Фарғонадаги оилаларнинг бири 6 нафар чин етим болани фарзандликка олгани ҳақида хабар берилганди.