Ўзбекистонда ёшларнинг алоҳида тоифаларига гаровсиз кредитлар ажратилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, ҳукуматнинг 12 октябрдаги 637-сонли қарори билан «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оила фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Унга кўра, кредитлар банклар томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадлилик шартларида берилади. Кредитлар ёшларнинг алоҳида тоифаларига гаровсиз асосда ажратилади. Бунда тегишлича «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари кафиллиги тақдим этилади. Кафиллик берилгани учун тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.

Таъкидланишича, қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:

  • 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган;
  • янги (иккала томон учун биринчи маротаба) турмуш қурган;
  • илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредити олмаган. 

Шунга кўра, ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар: 

  • бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан;
  • 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
  • бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
  • бир қарз олувчига 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади.

Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилингандан сўнг банк 3 иш кунида ариза берувчига кредит бериш масаласини кўриб чиқади. Ариза қаноатлантирилган тақдирда, кредит шартномаси имзоланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда айрим ёшларнинг ҳайдовчиликка ўқиш пули қисман қоплаб берилиши айтилганди. Шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга бир марталик моддий ёрдам берилиши маълум қилинган.