Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройида вилоятдаги миллий марказлар вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, давлат раҳбари учрашувда Ўзбекистондаги аҳиллик, тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаган. «Ҳаётингизда нималар ўзгарди? Нима муаммолар, қандай таклифлар бор? Шулар ҳақда сизлар билан юракдан гаплашгани келдим», — деган Президент. Қайд этилишича, Навоий вилоятида ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, тожик, рус, корейс ва кўплаб бошқа миллат вакиллари яшайди. Вилоятда 8 та миллий-маданий марказ фаолият юритади. Мактабларда ўқитиш 7 тилда йўлга қўйилган.

Учрашувда қатнашган турли миллат ва элат вакиллари уларнинг ўқиб, ишлаши, маданиятини сақлаши учун кенг шароит яратилганини таъкидлаган. Шунингдек, улар ўзлари, фарзандлари эришаётган муваффақиятларни сўзлаб берган. Маданий марказлар учун бинолар ажратилгани, 30 июль мамлакатда Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланганини қайд этган.

«Бугун сайловчилар билан учрашувда бу қутлуғ байрамни келгуси йили Навоий вилоятида катта тантана билан нишонлаш таклифини билдирдим. Шунингдек, 2022 йилда Навоийда кўп миллатли халқимиз бирлигининг рамзи сифатида Дўстлик боғини барпо этишни режалаштирганмиз», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Президент мамлакатда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, турли диний конфессиялар учун зарур шароитлар яратишга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилишини таъкидлаган. Ушрашувдан сўнг Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қоракўл туманидаги хонадонда меҳмон бўлганди. Шунингдек, Президент Навоий шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказини бориб кўрган.