Қамчиқ довонининг 240-километрида 12 октябрь куни Тошкент–Водий йўналишида ҳаракатланган «Spark» йўл тагидан сув ўтказувчи иншоотга тушиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, воқеага автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши сабаб бўлган. Зудлик билан воқеа жойига «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг қутқарувчилари, йўл-патруль хизмати ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган. Қутқарувчилар томонидан махсус анжомлар ёрдамида автомашинада бўлган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи чиқариб олиниб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Шундан сўнг махсус автокран ёрдамида сув ўтказувчи иншоотдан автомашина чиқариб олинган. Қутқарувчилар амалга оширган ҳаракатлар натижасида икки инсон ҳаёти сақлаб қолинган. Ҳозирда шифокорлар томонидан енгил тан жароҳати олган иккала фуқарога ҳам уйига жавоб берилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Қамчиқ довонида темир тўсиққа урилган юк машинаси йўл ўртасида тўхтаб қолганди. Шунингдек, довонда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб «Cobalt» ағдарилиб кетган.